АҚШ Савдо вазирлиги юзлаб компанияларга Хитойга товар етказиб беришни тўхтатиш бўйича расмий огоҳномалар юборди ва айрим етказиб берувчиларга берилган экспорт лицензияларини бекор қилди. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги манбалари хабар берди.
Янги чекловлар электрон чиплар учун лойиҳалаш дастурлари, кимёвий моддалар, бутан ва этан ёқилғилари, саноат ускуналари ва авиация жиҳозларини ўз ичига олади. Бундан буён ушбу маҳсулотларни Хитойга етказиш учун алоҳида лицензия талаб этилади.
Таъкидланишича, «Cadence», «Synopsys» ва «Siemens EDA» каби электрон дизайн автоматлаштириш (EDA) дастурларини ишлаб чиқувчи компаниялар ҳам чекловларга дуч келади. Бу дастурлар Хитой чип индустрияси учун асосий воситалардан ҳисобланади. Шу боис, уларни экспорт қилишни чеклаш тармоққа жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
Бироқ, вазиятга ойдинлик киритилиши кутилмоқда. Савдо вазирлиги аризаларни алоҳида кўриб чиқишини маълум қилган — бу тўлиқ тақиқ эмаслигини англатади. Масалан, «Synopsys» раҳбари ўз компанияси ҳали ҳеч қандай расмий хат ёки билдиришнома олмаганини маълум қилди.
Айни пайтда, Хитойдаги соҳа вакиллари ўз фаолиятларини одатдаги тартибда давом эттираётганини билдирмоқда. Сингапурда жойлашган «White Oak Capital Partners» сармоя бошқарувчиси Нори Чиоу фикрича, бу чекловлар Хитойнинг технологик мустақиллигини тезлаштириши мумкин. Унинг таъкидлашича, дастурларнинг ноқонуний нусхалари осонликча топилади ва маҳаллий ЕДА компаниялари фойда кўради.
Ҳақиқатдан ҳам, «Empyrean Technology» ва «Primarius Technologies» каби Хитой компаниялари акциялари 17–20 фоизгача ўсди. Шунингдек, «Huawei» компанияси ҳам 14 нанометр ёки ундан яхшироқ технологиялар учун ўз ЕДА дастурларини ишлаб чиққанини маълум қилган.
«Synopsys» ва «Cadence» каби АҚШ компаниялари эса йиллик даромадининг 12–16 фоизини Хитой бозори ҳисобига қоплашади. Улар учун Хитой мижозларидан айрилиш катта молиявий йўқотиш бўлиши мумкин.