Ню-Йоркдаги Aircela стартапи дунёда биринчи бўлиб хона шароитида фойдаланиладиган ва ҳаводан тўғридан-тўғри бензин ишлаб чиқарувчи қурилмани тақдим этди. Бу ҳақда Popular Science хабар берди.
Қурилма атмосферадаги карбонат ангидридни ушлаб, уни тўғридан-тўғри автомобил бензинига айлантиради. Бу жараён DAC (Direct Air Capture) технологияси асосида амалга ошади. Аввал бундай технологиялар асосан йирик саноат корхоналарида қўлланилган бўлса, эндиликда Aircela уни оддий хонадонлар учун мўлжалланган кўчма қурилмага жорий этди.
Ушбу модул учта олти бурчакли блокдан иборат бўлиб, улар ҳаво йиғиш ва ёнилғи синтези учун алоҳида масъул. Қурилманинг орқа қисмида эса бензин тўлдириш учун махсус тизим мавжуд. Олинган ёнилғи таркибида олтингугурт, этанол ёки оғир металлар йўқлиги айтиб ўтилди.
Aircela бош директори Эрик Далгрен қурилма прототип эмас, балки тўлиқ ишлайдиган намуна эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, келажакда бундай шахсий ёнилғи манбаларини миллионлаб ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Ҳозирда қурилманинг фақат битта намунаси мавжуд. Ундан фойдаланиб, хонадонда турибоқ автомобилни бензин билан таъминлаш мумкин. Ушбу ёндашув нафақат энергия соҳасида, балки экологик барқарорлик масалаларида ҳам муҳим аҳамият касб этади.