Binance Ўзбекистон фуқаролари учун P2P-хизматни тўхтатди

29.05.2025 13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance 2025 йил 27 майдан бошлаб Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун ўзининг P2P-платформасини ёпишини эълон қилди. Бу ҳақда компания расмий баёнот берди.

Binance

Binance’нинг маълум қилишича, фойдаланувчилар ҳозирча бошқа хизматлардан фойдаланишда давом этишлари мумкин. Бироқ, P2P орқали операциялар, шунингдек, HUMO тўлов тизими орқали пул кирим ва чиқим амалиётлари тўхтатилади.

Биржа бу қарорнинг аниқ сабабларини очиқламади. Шунга қарамай, Binance қуйидагича изоҳ берди: «Жамоамиз маҳаллий регулятор талабларига риоя қилиш устида фаол иш олиб бормоқда. Биз барча фойдаланувчилар учун хавфсиз ва қонуний муҳит яратишга содиқмиз».

Ушбу қарор билан бир вақтда Binance UZS билан боғлиқ савдо жуфтликларини ҳам делист қилишини маълум қилди. Жумладан, USDT/UZS, BTC/UZS, ETH/UZS каби жуфтликлар савдоси тўхтатилди.

Биржа ўз баёнотида фиат каналларни HUMO орқали тиклаш нияти борлигини билдирди, аммо бу энди P2P орқали амалга оширилмайди. Қайта тиклаш муддати ҳозирча маълум эмас.

Компания таъкидлашича, UZSни тўхтатиш — Ўзбекистон қонунчилигига риоя этишга қаратилаётган ҳаракатлар доирасида амалга оширилган муҳим қадамдир. Binance ўз фаолиятини маҳаллий ҳамкор — «COINPAY» МЧЖ орқали давом эттиришини маълум қилди.

Шунингдек, фойдаланувчилар банк карталари ва миллий тўлов тизимлари орқали ҳали ҳам пул ўтказмалари ва ечиб олиш амалиётларини амалга оширишлари мумкин. Binance фойдаланувчилар маблағлари хавфсизлиги тўлиқ таъминланганини яна бир бор таъкидлади.