Мудофаа вазири Жон Хили маълум қилишича, кибер таҳдидларга қарши курашиш ва рақиб давлатларга таъсир кўрсатиш имконини берадиган янги «Кибер ва электромагнит қўмондонлик» ташкил этилади. Бу бўлим сунъий интеллект технологияларига асосланган ҳужумкор амалиётлар билан шуғулланади.
«Telegraph» нашри ёзишича, қўмондонлик Британиянинг кибер соҳадаги тажовузкор стратегиясига асос бўлади. Аммо унинг аниқ вазифалари ва иш усуллари сир сақланиши айтилмоқда. Хилининг сўзларига кўра, ушбу ташаббус Россия каби рақибларга қарши курашда янги имкониятлар яратади.
Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги ойларда Россияга қарата қилинган кибер ҳужумлар кескин ортган. “Солар” компаниялар гуруҳи маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Россиядаги веб-сайтларга қилинган ҳужумлар сони 801 миллионга етган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баробар кўп. Ҳужумлар асосан логистика, давлат идоралари ва банк секторларига йўналтирилган.
Британиянинг бу каби ҳаракатлари халқаро кибер мувозанатга таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Россия томонидан ҳозирча расмий муносабат билдирилмаган.