Францияда диний етакчилар қаршилигига қарамай эвтаназия қонуни қабул қилинди

29.05.2025 17:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Қонун оғир беморларга ҳаёт билан ихтиёрий видолашиш ҳуқуқини тақдим этади.

Fransiya

Франция парламенти эвтаназия тўғрисидаги баҳсли қонунни қабул қилди. Миллий Ассамблея томонидан маъқулланган ҳужжатга кўра, оғир ва давосиз хасталикка чалинган шахслар шифокорлар хулосаси асосида ҳаёт билан ихтиёрий равишда видолашиши мумкин бўлади.

Қонун учун 305 депутат овоз берди, 199 нафар депутат эса қарши чиқди. Ҳужжат эндиликда Сенат муҳокамасига йўналтирилди. Президент Эммануэль Макрон қонун қабул қилинишига ижобий баҳо берди ва уни инсон ҳуқуқлари доирасида баҳолаш лозимлигини таъкидлади.

Қонун фақат 18 ёшдан катта бўлган француз фуқароларига тааллуқли бўлади. Шу билан бирга, руҳий хасталикларга чалинганлар мазкур ҳуқуқдан фойдалана олмайди. Шифокорлар бундай беморларга махсус тиббий воситалар ёрдамида ўз ҳаётини тугатиш имконини беради.

Қонунга диний жамоалар раҳбарлари — католик, православ, протестант, ислом, яҳудий ва будда етакчилари кескин қарши чиқди. Улар инсон ҳаёти фақат Яратганга тегишли эканини таъкидлаб, бундай ҳуқуқни қонунлаштиришни қоралади.

Эвтаназия бўйича қонуний рухсат берган мамлакатлар орасида Швейцария, Нидерландия, Белгия, Канада, Испания, Португалия каби давлатлар бор. Яқинда Австрияда ҳам шунга ўхшаш қонун кучга кирди.

Эвтаназия атамаси юнонча «яхши ўлим» маъносини англатади. Замонавий жамиятда у энг баҳсли ва кенг муҳокама қилинадиган масалалардан бири ҳисобланади.