Исроил дронларга қарши замонавий қурилма яратди: у жанг стратегиясини буткул ўзгартиради

29.05.2025 16:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроилнинг D-Fend Solutions компанияси дронларни хавфсиз тарзда тўхтатиш ва назоратга олиш имконини берувчи илғор технология — EnforceAir тизимини тақдим этди. У келажакдаги ҳарбий тўқнашувлар стратегиясини тубдан ўзгартириши мумкин.

Isroil

EnforceAir автоном ёки қўлда бошқариладиган режимда душман дронларини аниқлайди, жойлашувини белгилайди ва идентификация қилади. Кейин эса радиочастота орқали бошқарувни ўз қўлига олиб, дронни махсус белгиланган жойга қўндиради, деб ёзмоқда Interesting Engineering.

Бу технология анъанавий радиоэлектрон кураш воситаларидан фарқли равишда сигнални бузмайди ёки дронни йўқ қилмайди. Унинг асосий афзаллиги — фуқаролик инфратузилмаси ва алоқа тизимларига зарар етказмасдан хавфни бартараф қилиш.

EnforceAir тизими жуда мобил бўлиб, кўчма роутерга ўхшайди. Унинг сўнгги варианти — EnforceAir2 — Вашингтон яқинидаги спорт майдонида синовдан ўтказилди ва дронни муваффақиятли қўндирди. Янги модел 4,5 кмгача масофада парвоз қилаётган дронларни аниқлай олади.

Тизим ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари учун ҳам жуда фойдали ҳисобланади, чунки у нафақат таҳдидни бартараф қилади, балки тутиб олинган қилинган дронларни ўрганиш ёки нотўғри парвоз бўлган тақдирда, уни эгасига қайтариш имконини ҳам беради.

Шунингдек, февралда тизимнинг EnforceAir2 Maritime номли денгиз шароитига мослаштирилган версияси намойиш этилди. У ҳарбий-денгиз тизимларига осон интеграция қилиниши мумкин ва 360° қамровга эга антенна билан жиҳозланган. Махсус ихчам ва чидамли корпуси уни кемаларда ҳам, қуруқликда ҳам самарали қўллаш имконини беради.