Жаҳон банки Марказий Осиёда соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларидаги таҳдидларга қарши курашиш мақсадида «Ягона саломатлик» дастурининг биринчи босқичи учун 60 миллион доллар ажратди. Бу маблағ Қирғизистонга имтиёзли кредит, Тожикистонга эса грант шаклида тақдим этилади.
Молиялаштириш Ижроия кенгаши томонидан тасдиқланган бўлиб, унинг асосий мақсади минтақа мамлакатларида инсон ва ҳайвонлар соғлиғига таҳдид солувчи омилларга қарши курашиш қобилиятини кучайтиришдан иборат. Бу дастур Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни қамраб олади.
Жами 130 миллион долларлик лойиҳа 2025 йилдан 2032 йилгача амалга оширилади. Унда соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳалари ўртасидаги ҳамкорлик кучайтирилади.
Марказий Осиёдаги зооноз касалликлар, антибиотикларга чидамлилик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқлим ўзгариши каби муаммолар пандемия хавфини оширмоқда. Шу билан бирга, ҳайвонлар миграцияси ва ернинг деградацияси каби омиллар таҳдидни янада кучайтирмоқда.
Шунга қарамай, минтақада транспорт ва қишлоқ хўжалиги савдоси орқали янги иқтисодий имкониятлар ҳам яралмоқда. Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат бўйича глобал директори Шобха Шеттига кўра, «Ягона саломатлик» ташаббуси хавфларни самарали бошқариш ва турли соҳалар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга қаратилган.