Кибержиноятлар оқибатида фуқаролар ва банклар 1,9 трлн сўмдан ортиқ зарар кўрди

29.05.2025 15:20 | 3 дақиқада ўқилади.

2021–2024 йиллар давомида Ўзбекистонда кибержиноятлар оқибатида фуқаролар ва банк тизими 1,9 трлн сўмдан зиёд молиявий зарарга учради. Бу ҳолат, айниқса, банк карталари билан боғлиқ ўғирлик ва фирибгарликлар ортиши билан боғлиқ.

Kiberhujum

ИИВ Кибержиноятлар маркази маълумотларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида мамлакатда кибержиноятлар сони кескин ошган ва умумий жиноятчиликдаги улуши сезиларли даражада ортган. Аниқланишича, 2021–2024 йиллар оралиғида фуқароларнинг 1 триллион 909 млрд сўмдан ортиқ маблағи киберҳуқуқбузарликлар туфайли йўқотилган.

Фақатгина 2024 йилнинг ўзида ушбу кўрсаткич 603 млрд сўмни ташкил этган. Кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ бўлиб, асосан киберўғрилик ва киберфирибгарлик усулларида амалга оширилган.

ИИВ маълумотига кўра, 2019 йилда 863 та кибержиноят қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 58 минг 800 тага етган. Шу билан бирга, мурожаатлар сони 34 бараварга кўпайган ва киберҳуқуқбузарлик турлари сони 62 тагача кенгайган.

Марказ раҳбари Бекзод Мамажонов таъкидлашича, 2024 йилда кибержиноятлар умумий жиноятлар таркибида 44,4 фоизни ташкил этган. Бу эса ҳар иккита жиноятдан бири ахборот технологиялари орқали амалга оширилаётганини англатади.

Кибержиноятлар асосан зарарли ҳаволалар ва дастурлар, алдамчи SMS кодлар, онлайн кредитлар, виртуал савдо платформаларидаги фирибгарликлар ҳамда бошқа турли схемалар орқали амалга оширилмоқда. Мутасаддилар бу хавфларнинг олдини олиш учун ҳуқуқий ва техник чоралар кўрилаётганини маълум қилган.