КХДРнинг ядровий салоҳияти АҚШ таҳлилчиларини ҳайратга солди

29.05.2025 11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги таҳлилларга кўра, Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) ядровий салоҳиятини кутилганидан анча юқори даражага олиб чиқди. АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати маълумотларига асосланиб, Пхенян ядровий қурол ишлаб чиқариш учун етарли миқдорда материал тўплаган бўлиб, тахминан 90 та ядровий жанговар каллак яратиш имкониятига эга. Шунингдек, уларнинг 50 таси аллақачон йиғилган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

Kxdr

Бу ҳолат АҚШ ва НАТО таҳлилчиларини жиддий хавотирга солди. Улар КХДРнинг бундай тез суръатдаги ривожланишини Россия томонидан кўрсатилган ёрдам билан боғлашмоқда. Хусусан, Россиянинг қурол-яроғ етказиб бериш ва КХДР ҳарбийларининг Украинадаги можароларда иштирок этиши орқали Пхеняннинг ядровий дастурига кўмаклашгани тахмин қилинмоқда .

Махсус эътиборга молик жиҳат шундаки, КХДР ядровий қурол ишлаб чиқариш учун уранни бойитиш объектларини кенгайтирмоқда. МАГАТЭ маълумотларига кўра, махфий объектларда уран бойитиш ишлари олиб борилмоқда. 2024 йил январь ойида Пхенян янги уран бойитиш марказини намойиш этди, бу эса ядровий қурол ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириши мумкин .

Шу билан бирга АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, КХДР 2018 йилда ёпилган ядровий полигонини қайта амалга киритиш ишларини бошлаган. Бу эса яқин келажакда янги ядровий синовлар ўтказилиши эҳтимолини оширади.

КХДРнинг ядровий салоҳиятидаги бундай ўсиш халқаро ҳамжамият, айниқса, АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Бу эса минтақавий ва глобал хавфсизлик мувозанатига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.