Янги қонун лойиҳаси «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олади. Унга кўра, ижтимоий аҳамияти пасайган ва кам учрайдиган баъзи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик бекор қилинади. Шунга кўра, зарарли моддаларни қайд этмаслик, транспортдан шахсий фойда олиш, автомат телефонларни шикастлаш каби моддалар амалда қўлланилмайдиган ҳолат сифатида ҳисобланди.
Қонуннинг энг муҳим янгилиги — маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишларни фақат жабрланувчи аризаси билан бошлаш амалиёти жорий этилиши бўлди. Бундай ҳуқуқбузарликларга туҳмат, ҳақорат, енгил тан жароҳати, шахсий маълумотларни ошкор қилиш, мулкка қасддан зиён етказиш ва турар жой дахлсизлигини бузиш киради.
Бироқ, агар жабрланувчи вояга етмаган, ногирон ёки айбланувчига боғлиқ шахс бўлса, ариза бўлмаса ҳам иш қўзғатилиши шарт этиб белгиланди. Шунингдек, тамаки маҳсулотини тақиқланган жойларда истеъмол қилиш учун алоҳида модда — 56−1 киритилди.
Қонун қабул қилиниши натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар юкламаси камайиши ва фуқаролар ўртасидаги низолар судгача ҳал этилиши кутилмоқда. Ҳужжат Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.