НАТО Германиядан 40 минг аскар сўради — Reuters

29.05.2025 20:20 | 3 дақиқада ўқилади.

НАТО Германиядан еттита бригада, тахминан 40 минг аскар ажратишни сўради. Бу таклиф 2022 йилда Украинада уруш бошланганидан бери Россия таҳдидига қарши чора сифатида баҳоланмоқда.

Nato

Reuters агентлиги хабарига кўра, НАТО Германиядан янги мудофаа режаси доирасида 40 минг аскар ва еттита бригада ажратишни сўраган. Бу талаб келаси ҳафта НАТОга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари томонидан тасдиқланиши кутилмоқда.

Альянс ҳарбий салоҳиятни ошириш ниятида. Чунки 2022 йилда Украинада уруш бошланганидан бери Россия катта таҳдид сифатида кўрила бошланди. Айни вақтда НАТО бригадалар сонини 80 тадан 120–130 тагача оширишни режалаштирмоқда.

Берлин Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, июн ойи охирида ўтадиган НАТО саммитида қайси қарор қабул қилиниши ҳозирча номаълум. НАТО расмийлари бу режани амбицияли, деб атаб, аниқ тафсилотларни ошкор этмаган.

2021 йилда Германия 2030 йилгача НАТО учун 10 та бригада тақдим этишга рози бўлган эди. Ҳозирда 8 та бригада мавжуд, яна бир бригада Литвада шакллантирилмоқда ва 2027 йилгача тайёр бўлиши кутилмоқда.

Бироқ яна 40 минг аскар тайёрлаш Германия учун мураккаб вазифа ҳисобланади. Чунки 2018 йилда белгиланган 203 минг аскар мақсадига ҳали эришилмаган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда тахминан 20 минг доимий ҳарбий ходим етишмайди.

Бундан ташқари, янги НАТО режалари ҳали АҚШнинг Европадаги қўшинларини қисқартириш эҳтимолини ҳисобга олгани йўқ. Бу эса Европа мамлакатлари орасида хавотир уйғотмоқда. Чунки НАТОнинг кўпгина мудофаа режалари АҚШ кучларига суянади. Вашингтон 2025 йил охирида иттифоқчилар билан қўшинларни қисқартириш бўйича музокаралар олиб боришини билдирган.