Ўзбекистон ва Италия стратегик шерикликни мустаҳкамлайди

29.05.2025 15:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқандда икки мамлакат ўртасида қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Samarqand

Самарқандда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони ўртасида ўтган музокаралар якунида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма декларация имзоланди. Бу икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлаб берди.

Ташриф доирасида миграция, хомашё, инвестиция, атроф-муҳит, маданий мерос ва «яшил» ривожланиш соҳаларида ҳамкорликка оид муҳим битимлар тузилди. Жумладан, Италиянинг «Sogesid» ва «Ansaldo» компаниялари, Иқлим жамғармаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги конфедерацияси билан келишувлар амалга оширилди.

Таълим соҳасида Тушиа, Пиза ва Турин университетлари билан шериклик тўғрисидаги битимлар алмашилди. Қолаверса, Италия Миллий тадқиқотлар маркази, Перужа университети, «SIMEST» ва «Danieli» компаниялари билан ҳам қатор ҳужжатлар имзоланди.

Италия делегациясининг ташрифи икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақавий барқарорликни таъминлаш мақсадларига хизмат қилмоқда. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Самарқанддаги расмий учрашувлар Ўзбекистон ва Италия муносабатларида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Музокаралар натижасида имзоланган битимлар келгусида сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда янада кенг қамровли ҳамкорликка замин яратади.