Покистон криптовалюта соҳасида янги босқични бошламоқда. Мамлакатнинг Криптовалюталар кенгаши раҳбари Билол Сақиб 28 май куни Лас-Вегасда ўтказилган «Bitcoin 2025» конференциясида ушбу режалар ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат АҚШ тажрибасидан илҳомланган ҳолда биткойн захирасини тузади.
АҚШ ўз захирасини асосан суд орқали мусодара қилинган активлар орқали тўлдирган ва уларни сотмасдан сақлаб келмоқда. Покистон ҳам шунга ўхшаш ёндашувни қўллашни режалаштирмоқда. Билол Сақиб биткойнлар ҳеч қачон сотилмаслигини, улар миллий «биткойн ҳамёни»да сақланишини таъкидлади.
Шунингдек, ҳукумат биткойн майнинги ва сунъий интеллект маълумот марказлари учун 2000 мегаватт электр энергияси ажратишни кўзламоқда. Покистон крипто инфратузилмасини яратишда халқаро иштирокчиларни ҳамкорликка чорламоқда.
Сақибнинг таъкидлашича, биткойн захираси яратилиши криптовалюта соҳасидаги кенг кўламли ўзгаришларнинг бошланиши, холос. Мамлакатда 100 миллиондан зиёд аҳоли банк хизматларидан фойдаланмайди ва улар учун молиявий имкониятлар яратиш — устувор мақсадлардан бири ҳисобланади.
Покистон рақамли шахсий идентификаторлар жорий этиш, ноликвид активларни токенлаштириш ва глобал ҳамкорларни жалб этиш орқали иқтисодиётни рақамлаштиришни режалаштирмоқда. Мақсад — мамлакатнинг янги иқтисодий босқичга ўтишига замин яратиш.