Россия таҳдиди фонида НАТО Германиядан 7 та янги ҳарбий бригада сўрамоқда

29.05.2025 18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

НАТО Германиядан қўшимча ҳарбий куч — 7 та янги бригада (қарийб 40 минг ҳарбий) ажратишни сўрамоқда. Бу алянснинг Россия томонидан ортиб бораётган хавф фонида ўз мудофаа салоҳиятини кучайтириш бўйича янги стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Nato

Янги ташаббусга кўра, НАТО аъзоси бўлган мамлакатлар жами 80 бригада ўрнига 120 бригада шакллантириши керак бўлади — бу 50 фоизлик ўсишни англатади, деб ёзмоқда Reuters манбаларига ўз манбаларига таяниб.

Германия эса аввалроқ 2030 йилгача 10 бригада шакллантиришга рози бўлган эди. Ҳозирга келиб, 8 та бригада тайёр, 9-бригада Литвада шакллантирилмоқда ва у 2027 йилгача тайёр бўлиши кутилмоқда.

НАТОнинг июн ойида Ҳаагада ўтадиган саммитида мудофаа харажатларини умумий ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириш режаси муҳокама қилинади — шундан 3,5 фоизини тўғридан-тўғри мудофаа, қолган 1,5 фоизни эса умумий хавфсизликни таъминлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда. Германия бу режани қўллаб-қувватлаган ва ҳарбий харажатлар учун олдинги бюджет чекловларини қисқартирган.

Бундесвер бош инспектори Карстен Бройер қўшинларни 2029 йилгача тўлиқ жиҳозлашни буюрган. НАТО прогнозларига кўра, шу вақтга келиб Россия ўз ҳарбий салоҳиятини тиклаб, алянс ҳудудига эҳтимолий ҳужум ўтказиш даражасига етиши мумкин.

Бу каби чоралар НАТОнинг шарқий флангидаги сақланиш стратегиясида янги босқични англатади ва Германия ушбу жараёнда етакчи ҳарбий-сиёсий рол ўйнаши мумкин.