Россия ва Украина яна Истанбулда тўғридан тўғри музокара ўтказишни муҳокама қилмоқда

29.05.2025 08:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг маълум қилишича, Москва 2 июн куни Истанбулда Украина билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишни таклиф қилган. Владимир Мединский раҳбарлигидаги гуруҳ бу учрашувда «украин инқирозини барқарор бартараф этиш» юзасидан меморандум тақдим этишга тайёр.

Istanbul

Россия томони тайёрлаган ҳужжатда Украинадаги можарони келтириб чиқарган барча омиллар бўйича ўз позицияси баён этилгани айтилмоқда. Лавров янги Истанбул музокаралари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишига умид билдирди.

Шу билан бирга, Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Россия делегациясига Киевнинг расмий позицияси акс этган меморандумни тақдим этганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Украина тўлиқ ва шартсиз оташкесимга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаган.

Умеров Россиядан ўз меморандумини 2 июнгача тақдим этишни сўраган. У музокара самарали ўтиши учун томонлар олдиндан ҳужжатлар билан танишиши кераклигини таъкидлади. Украина расмийларига кўра, учрашув фақат реал дипломатик илгарилашга хизмат қилса, ўринли бўлади.

2022 йилда тўхтаб қолган Истанбул музокараларини қайта жонлантириш уринишлари жаҳон ҳамжамияти томонидан диққат билан кузатилмоқда. 2 июн куни бўлиб ўтиши мумкин бўлган учрашув можарога дипломатик ечим излашдаги навбатдаги жиддий қадам сифатида баҳоланмоқда.

 

Meta description: