Россияда хорижга йирик пул ўтказмаларига чеклов жорий қилинмоқда

29.05.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил 30 майдан эътиборан Россияда чет элга пул ўтказиш тартиби янгиланмоқда. Эндиликда 100 минг рублдан ортиқ маблағларни фақат банк ҳисобрақами орқали юбориш мумкин бўлади.

Perevod

Янги тартибга кўра, Россия фуқаролари ҳамда хорижликлар йирик миқдордаги пулларни хорижий манзилга жўнатиш учун банкка ҳужжатларнинг тўлиқ тўпламини тақдим этиши шарт. Бунда, жумладан, мобил ҳамёнлар ҳам текширув ва тўлиқ идентификациядан ўтиши лозим бўлади.

Аввал бундай чекловлар мавжуд эмас эди ва чет эл фуқаролари, шу жумладан, мигрантлар фақатгина паспортини кўрсатган ҳолда ҳам пул ўтказмалари амалга ошира оларди. Янги қоидалар бу имкониятни чекламоқда.

Эндиликда банклар 100 минг рублдан ортиқ пул ўтказмаларини амалга оширишда жўнатувчи шахсдан пул ўтказиш мақсади, олувчи шахси ва бошқа қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга бўлади.

Россия расмийларига кўра, ушбу чоралар ноқонуний даромадларни қонунийлаштириш ва жиноий капитални экспорт қилишга қарши курашишга қаратилган. Шу билан бирга, Россия банки картасидан чет элдаги банк картасига пул ўтказишга ҳозирча чекловлар йўқ.

Банк ҳисобрақами очиш учун керакли ҳужжатлар қаторида паспорт, ҳисоб очиш аризаси, СТИР (ИНН), яшаш манзилини тасдиқловчи ҳужжат ва мижоз турига қараб бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб этилади. Тадбиркорлар ва ташкилотлар эса давлат рўйхатидан ўтганлик ҳақидаги гувоҳномани ҳам тақдим этишлари лозим.