Сунъий интеллект асосида статистик кузатувлар бошланади

29.05.2025 21:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Жанубий Корея Ўзбекистонда статистика тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида 3,8 миллион долларлик қайтарилмайдиган грант ажратди. Бу маблағ ҳисобидан CATI номли замонавий телефон орқали сўров ўтказиш тизими жорий этилади.

Statistika

Миллий статистика қўмитаси Kun.uz нашрига маълум қилишича, мазкур лойиҳа Корея Республикасининг Statistics Korea идораси билан ҳамкорликда 2025–2028 йилларга мўлжалланган. Лойиҳа доирасида мамлакатда статистика салоҳиятини ошириш, рақамли технологиялар жорий этиш ва халқаро тажрибаларни интеграция қилиш мақсад қилинган.

Статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасулов маълумот беришича, грант тўрт йўналишда ишлатилиши режалаштирилган. Биринчи навбатда ходимларнинг малакасини ошириш, хорижий мутахассислар иштирокида семинар ва ўқув курслари ташкил этилади. Шунингдек, Кореяда ўқув дастурларида қатнашиш имкони ҳам яратилади.

Иккинчи йўналишда статистик тадқиқотлар институтида замонавий ўқув хоналари ташкил этилади. Учинчи йўналиш эса CATI тизимини жорий этишни ўз ичига олади. Бу орқали сунъий интеллект асосида автоматик телефон қўнғироқлари орқали аҳолидан маълумот тўпланади. Бу жараён анъанавий усулларга нисбатан тезкор ва арзон ҳисобланади.

Тўртинчи йўналишда давлат органлари ўртасида маълумотлар интеграцияси йўлга қўйилади. Бунда божхона ва солиқ органларидан маълумотлар автоматлаштирилган тизим орқали олиб борилади. Бу эса таҳлил жараёнларини ишончли ва самарали қилади.