Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишни таклиф этди

29.05.2025 22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев БМТ Хавфсизлик Кенгашини тубдан ислоҳ қилиш ва кенгроқ минтақавий вакилликни жорий этишни таклиф қилди. Унинг фикрича, дунё тақдирига дахлдор қарорлар фақат бир неча давлат томонидан қабул қилиниши тўғри эмас.

To

Қасим-Жомарт Тўқаев 29 май куни «Астана» халқаро форумида сўзга чиқиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ҳозирги тузилиши замонавий дунё ҳақиқатларига мос келмаслигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, глобал аҳамиятга эга қарорлар фақат бир неча давлат томонидан қабул қилиниши инсоният манфаатига зиддир.

«Миллиардлаб инсонларга таъсир кўрсатувчи танқидий қарорларни фақат оз сонли давлатлар қабул қилиши нотўғри. Шунинг учун Қозоғистон БМТ Хавфсизлик Кенгашини кенгайтиришни ва минтақалар кесимида адолатли вакилликни йўлга қўйишни қўллаб-қувватлайди», — деди Тўқаев.

У БМТнинг 80 йиллиги муносабати билан тарихий мисолларни келтириб, 1945 йилда 51 давлат томонидан тузилган ушбу ташкилот бугунги кунда 193 аъзо мамлакатни ўз ичига олган глобал тузилмага айланганини эслатди.

Шунга қарамасдан, президент таъкидлашича, асосий тузилмалар, айниқса Хавфсизлик Кенгаши, ўтган 80 йил мобайнида деярли ўзгармаган. Бу эса БМТга нисбатан ишонч ва ташкилот самарадорлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Токаев ўз нутқида БМТнинг мавжуд институционал структураси билан замонавий глобал муаммолар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш зарурлигини қайд этди. Унингча, айнан мана шу ислоҳлар орқали БМТ ўз долзарблигини сақлаб қолиши ва реал дунё манзарасини тўғри акс эттириши мумкин.