Трамп дунёни АҚШ, Россия ва Хитой ўртасида бўлишни тасаввур қилмоқда — NYT

29.05.2025 13:20 | 2 дақиқада ўқилади.

The New York Times хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп дунёда учта йирик давлат — АҚШ, Россия ва Хитой ҳар бири ўз таъсир доирасини эгаллайдиган янги геосиёсий тартибни шакллантириш ниятида.

Dunyo haqida

Америка президенти Доналд Трампнинг сўнгги баёнотлари ва ташқи сиёсатдаги қадамлари унинг дунёни АҚШ, Хитой ва Россия ўртасида таъсир доираларига бўлиш ниятидан дарак беради. Бу ҳақда The New York Times (NYT) 26 май куни хабар берди.

Нашр таҳлилчилари фикрича, Трамп дунёни учта геосиёсий куч марказига айлантириш тарафдори. Унга кўра, ҳар бир давлат — АҚШ, Хитой ва Россия — ер юзидаги муайян ҳудудда ҳукмронлик қилиши лозим. Мақолада таъкидланишича, бу ёндашув XIX асрдаги императорлик бошқаруви услубини эслатади.

NYT Трампнинг Гренландияни Даниядан тортиб олиш, Канадани АҚШга қўшиб олиш ва Панама канали устидан тўлиқ назоратни тиклаш каби ғояларини мисол сифатида келтиради. Газета бундай ҳаракатларни Вашингтоннинг Ғарбий яримшарда ўз таъсирини кучайтиришга уриниши деб баҳолайди.

Бундан ташқари, Трамп Россия билан савдо алоқаларини тиклаш ниятини билдирган ва Хитой раҳбари Си Жинпингни тўғридан-тўғри мулоқотга чақирган. Бу ҳаракатлар унинг глобал савдо урушлари оқибатларини юмшатишга интилишини кўрсатади.