Карнининг таъкидлашича, ҳозирги кунда Канада мудофаа сарф-харажатларининг 75 фоизи АҚШга кетмоқда. У бу ҳолатни «ақлли қарор эмас» деб баҳолади. Яқин беш йилликда Европадаги давлатлар ушбу ташаббус доирасида умумий 1,25 трлн доллар миқдорида сармоя киритишни режалаштирмоқда.
Канаданинг Европа билан яқинроқ ҳарбий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаши АҚШ президенти Доналд Трампнинг танқидларига сабаб бўлди. У ўз баёнотида Канадага «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизимига қўшилиш 61 млрд долларга тушишини айтди ва шуни «текин» амалга оширишнинг ягона йўли сифатида мамлакатни АҚШнинг 51-штатига айланишини таклиф этди.
Трамп шундай ёзди: «Агар Канада бизга қўшилса, бу улар учун бепул бўлади. Улар бу таклифни кўриб чиқмоқда». Бу сўзлар Канада мустақил ташқи ва мудофаа сиёсатини олиб боришга интилаётган бир пайтда айтилди.
Канада ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ушбу янги ҳамкорлик Вашингтон ва Оттава муносабатларида янги синовлар юзага келтириши мумкин. Айниқса, Канада АҚШнинг мудофаадаги технология ва салоҳиятидан воз кечиб, Европа билан стратегик алянслар қуришга ҳаракат қилаётгани АҚШ сиёсатчиларида хавотир уйғотмоқда.