Қарорга асосан, 2025–2028 йилларда мебел ва ёғочсозлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга оширилиши, экспорт 100 миллион долларга етказилиши ва соҳа орқали 50 минг киши даромадли меҳнат билан таъминланиши мақсад қилинган.
Шунингдек, 2029 йил 1 январгача мебел ишлаб чиқаришда ишлатиладиган 14 турдаги хомашё, эҳтиёт қисмлар ва аксессуарлар импортида божхона тўлови фақат 1 фоиз этиб белгиланади. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга таннархни пасайтириш ва маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
2025 йил 1 августдан бошлаб эса маҳаллий мебел технологларининг хориждаги нуфузли ташкилотлардан малака сертификатлари олиши учун сарфланган маблағнинг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
26 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ёш тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи жалб этиб, мебел ишлаб чиқариш имкони яратилиши ва 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли имтиёзли кредит ажратилиши қайд этилди.