Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Девид О’Салливан маълум қилишича, Арманистон, Ҳиндистон, Сербия ва Ўзбекистон орқали Россияга ҳарбий ва икки мақсадли товарлар экспортини чеклашда ижобий натижалар қайд этилган. Бу хулосалар 20 май куни бўлиб ўтган ЕИ Ташқи ишлар кенгаши йиғилиши якунларига асосланган ҳисоботда акс этди.
О’Салливан сўзларига кўра, Ўзбекистон билан ҳамкорлик сўнгги пайтда самара бермоқда.
Европа компанияларининг айримлари орқали санкциядаги товарлар айланмасида Хитой ва Гонконг орқали йирик қоидабузарликлар кузатилган — бу ҳолатлар жами ҳолатларнинг тахминан 80 фоизини ташкил қилган.
Шу билан бирга, Туркия, БАА ва Қозоғистон билан ўзаро ҳамкорликда тўлиқ натижага эришилмагани қайд этилди. Европа Иттифоқи бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқда.
ЕИ вакили ЕИ давлатларини Россиянинг “соядаги флоти”га қарши қатъийроқ чоралар кўришга чақирди. Хусусан, у Россия танкерлари мунтазам фаолият юритадиган Туркия, Ҳиндистон ва Малайзия портларига нисбатан чоралар кўришни таклиф қилди.
Ҳисоботда ЕИ санкция сиёсатининг асосий муаммоларидан бири сифатида АҚШ маъмурияти билан алоқалар узилгани қайд этилган. Европа томони Америка молиявий идораларидан сўнгги ҳафталарда Россия активлари бўйича янги маълумотларни олмаётгани таъкидланган.
Маълумот учун, 21 май куни Европа Иттифоқи Россияга қарши 17-санкциялар пакетини қабул қилди. Ушбу рўйхатга Ўзбекистондаги Trade Engine System компанияси ҳам киритилган.