АҚШдаги «Operation Allies Welcome» ташаббуси орқали 2021 йили мамлакатга киритилган 70 мингдан ортиқ афғон муҳожирларидан кўпчилиги Кентукки штатидаги Боуллинг Грин шаҳрига жойлашган. Улар бу ерда янги ҳаётни бошлаб, ишга жойлашди, уй сотиб олди ва фарзандларини ўқитишни бошлади. Бироқ Трамп маъмурияти 2025 йил июль ойидан бошлаб Афғонистон фуқаролари учун вақтинчалик муҳофаза мақомини (TPS) тугатишни эълон қилди.
Бу қарор афғон муҳожирларини чуқур хавотирга солди. Улар бу мақом орқали мамлакатда вақтинчалик яшаш ҳуқуқига эга эди. Энди эса уларга афғон режими бошқарувидаги мамлакатга қайтариб юборилиш хавфи туғилмоқда. Боуллинг Гринда яшовчи Вазир Хон Задрон шундай дейди:
«Бу ерда болаларнинг келажаги порлоқ. Улар ўқиши, олий таълим олиши, яхши ҳаёт кечириши мумкин. Аммо Афғонистонда, айниқса қизлар учун, ҳаёт жуда оғир. Улар мактабга ҳам боролмайди, университет ҳақида гапирмаса ҳам бўлади».
Унинг қизларидан бири — Зулайхо Задрон коллежга кириш арафасида. У Америкадаги имкониятлардан фахрланса-да, ҳужжатсизлик келажагини хатарга солиши мумкинлигидан қўрқади.
«Ҳозирги пайтда одамлар ҳужжатсизларни чиқариб юборишлари мумкинлиги ҳақида гапирмоқда. Мен ҳам шундан қўрқяпман. Бироқ шу қўрқувга қарамай, эришган ютуқларим билан фахрланаман», — дейди у.
Трамп маъмурияти Афғонистон билан бирга Венесуэла ва бошқа мамлакатлардан келган юз минглаб одамларнинг TPS мақомини ҳам бекор қилмоқчи. АҚШ Давлат хавфсизлиги департаменти вакиллари ҳар қандай муҳожир сўроқ остида бўлса-да, ҳали ҳам бошпана сўраш ҳуқуқига эга эканини маълум қилди.