Доллар курси — унинг миллий валютадаги, яъни сўмдаги баҳоси ҳисобланади. Кўпчилик унинг ошиши ёки тушиши банклар сиёсатидан келиб чиқади, деб ўйлайди. Аммо курс ўзгаришига таъсир этувчи омиллар кўп ва турлича. Улардан асосийлари қуйидагилар:
Иқтисодий бозор қонунига кўра, агар долларга талаб юқори, таклиф эса чекланган бўлса, унинг нархи — яъни курси ошади. Аксинча, доллар таклифи кўпайиб, унга талаб камайса, курс пасаяди.
Мамлакатда инфляция паст, иқтисод барқарор бўлса, аҳоли сўмда тежамкорликни афзал кўради. Бу долларга талабни камайтиради. Агар нарх-наво кўтарилиб, аҳоли реал даромади камайса, одамлар маблағини долларда сақлашга уринади. Натижада валютага талаб ошади ва курс кўтарилади.
Дунёдаги геосиёсий тангликлар, инқирозлар ёки урушлар долларнинг «ишончли валюта» сифатида аҳамиятини оширади. Бу глобал даражада унга талабни ошириб, курснинг ўсишига олиб келади.
Ўзбекистонга хориждан келадиган пул миқдори — меҳнат мигрантлари ва сармоялар ҳисобидан — доллар таклифини кўпайтирса, курсга босим тушади. Агар пул ўтказмалари камайса, доллар камайиб, нархи ўсади.
Ўзбекистон Марказий банки валюта бозоридаги мувозанатни сақлаш учун интервенциялар амалга оширади — доллар сотади ёки харид қилади. Шу орқали курсга қисқа муддатли таъсир кўрсата олади. Шунингдек, банкнинг асосий фоиз ставкалари ҳам валютага талабга таъсир кўрсатади.
Давлатнинг ташқи қарзлари ва импорт ҳажми қанча кўп бўлса, уларни қоплаш учун долларга эҳтиёж шунча юқори бўлади. Бу ҳам курснинг ўсишига олиб келади. Экспорт ўсиши эса аксинча, мамлакатга доллар келиб тушишини таъминлаб, валюта курсини пасайтириши мумкин.
Доллар курси кўплаб ички ва ташқи иқтисодий омиллар таъсирида шаклланади. Унга фақат банкларнинг қарори эмас, балки бозордаги воқеликлар ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Шу боис, валюта бозоридаги ўзгаришларни чуқур таҳлил қилиш ва унинг сабабларини тўғри тушуниш муҳим аҳамиятга эга.