Эрдўған ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев биргаликда Лочин халқаро аэропортини очиш маросимида иштирок этишди. Туркия раҳбари Қорабоғнинг 30 йиллик оккупациядан сўнг озод этилиши ва ҳозирги тикланиш жараёнини мамнуният билан қайд этди. У Туркия компаниялари озод қилинган ҳудудларни ривожлантиришда, жумладан Лочин аэропортини қуришда фаол иштирок этаётганини билдирди.
Президент Зангезур йўлагига алоҳида эътибор қаратиб, уни нафақат Озарбойжон ва Нахичивонни боғловчи йўл, балки бутун туркий дунё учун янги интеграция нуқтаси сифатида таърифлади. У Эронни ҳам бу ташаббусга қўшилишга даъват этиб: «Бу қадамлар минтақавий тинчлик, барқарорлик ва ривожланиш учун хизмат қилади. Биз Эрон ҳам бу жараёнда манфаат кўришини хоҳлаймиз», — деди.
Эрдўған, шунингдек, Озарбойжоннинг урушдан сўнг тинчлик ташаббусини бошқарувчи давлатга айланганини таъкидлаб, Арманистон билан нормаллашув жараёни «эҳтиёткорлик билан» давом этаётганини билдирди. У Жанубий Кавказда қарама-қаршилик эмас, тинчлик ва осойишталикни кўришни исташини билдирди.
Учрашувда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан савдо, инвестиция, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларида ҳамкорлик муҳокама қилинди. Эрдўған озиқ-овқатда тўлиқ мустақилликни миллий хавфсизлик масаласи деб таърифлади ва уч давлат ўртасида яқин ҳамкорликка чақирди.
Шунингдек, у Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишувини олқишлаб, Покистон раҳбариятининг «донолиги ва сабр-тоқатини» алоҳида қайд этди.