«Газпром»ни қутқариш учун Россияда газ нархлари ҳар йили 20 фоизга оширилади

30.05.2025 10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия ҳукумати «Газпром»нинг молиявий муаммоларини ҳал этиш мақсадида саноат учун газ нархларини ҳар йили 20 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу қарор компаниянинг Европа бозорини йўқотиши ортидан келиб чиққан катта зарарларини қоплашга қаратилган.

Gazprom

Режага кўра саноат истеъмолчилари учун газ тарифлари йилига икки марта — биринчи ва тўртинчи чоракларда 10 фоиздан оширилади. Бу амалда ҳозирги тариф индексацияси режасидан икки баробар юқори. Ҳозирги режа 2025 йилда 10,3 фоиз, кейинги йилларда эса 10,6 фоиз, 9 фоиз ва 7 фоиздан оширишни кўзда тутади.

Аҳоли учун ҳам газ нархлари 2025–2028 йиллар оралиғида жами 42,2 фоизга ошиши кутилмоқда. Бу эса сўнгги уч йилдаги индексациялар билан биргаликда умумий ўсишни 76 фоизга етказади.

«Газпром» 2023 йилда 629 млрд рубл миқдорида рекорд даражадаги зарарни қайд этди. 2024 йилда эса газ бизнесида яна 1 трлн рубл зарар кўрди. Компаниянинг баҳолашича, Европа бозорини йўқотиши сабабли кейинги 10 йилда 15 трлн рубл миқдорида манфий пул оқимига дуч келади.

Европа Иттифоқи Россия газидан тўлиқ воз кечишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Хитой билан «Сибир кучи-2» қувурини қуриш бўйича келишувга эришилмаган. 2025 йилдан бошлаб Украина орқали транзит тўхтатилиши натижасида «Газпром» яна 15 млрд кубометр газ экспортидан маҳрум бўлади.