The Guardian нашри ёзишича, топилмалар Лос Абуэлос номи билан маълум бўлган шаҳарга тегишли. У Гватемаланинг Петен вилоятида, Уашактун миллий боғи яқинида жойлашган бўлиб, археологик жиҳатдан кам ўрганилган ҳудуд ҳисобланади.
Шаҳар номи «бувилар ва боболар» маъносини англатадиган икки одамга ўхшаш ҳайкал топилганидан келиб чиққан. Бу ҳайкаллар милоддан аввалги 500–300 йилларга тааллуқли бўлиб, аждодларга сиғиниш маросимлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тадқиқотчиларга кўра, шаҳар тахминан 16 квадрат километр майдонни эгаллаган. Археологлар бу ерда 33 метр баландликдаги пирамида, ноёб каналлар тизими, шунингдек, классик даврдан олдинги рангтасвирли деворларни ҳам аниқлаган.
Майя цивилизацияси милоддан аввалги 2000 йилларда шаклланиб, кейинги минг йиллар давомида Мексика, Гватемала, Белиз, Сальвадор ва Гондурасда ривожланган. Янгидан топилган Лос Абуэлос шаҳарининг қолдиқлари майя маданиятининг илк босқичлари ҳақида янги маълумотлар беради.