Сенат ялпи мажлисида сўнгги йилларда ИИО ва Миллий гвардия ходимларига бўйсунмаслик ҳолатлари йилдан-йилга ошиб бораётгани қайд этилди. 2021 йилда шундай 56 минг ҳолат кузатилган бўлса, 2022 йилда 88 минг, 2023 йилда 89 минг ва 2024 йилда 85,3 минг ҳолат қайд этилган.
Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилмоқда. Унга кўра, ички ишлар ёки Миллий гвардия ходимининг қонуний талабини бажармаган шахс 5 дан 12 БҲМгача (1,875 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача) жаримага тортилади. Ҳозирги амалдаги тартибда эса бу 1 БҲМни ташкил қилади.
Агар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида яна шу каби ҳуқуқбузарлик содир этилса, 12 дан 30 БҲМгача (4,5 млн сўмдан 11,25 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади. Бу ҳам мавжуд 15 БҲМлик меъёрдан кескин ошган ҳисобланади.
Қонундаги ўзгартишлар сенаторлар томонидан маъқулланган ва президент имзосига юборилган.