Оқ уй расмийси номидан ёлғон хабарлар тарқатилди

30.05.2025 21:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Сюзан Уайлз телефонига қилинган киберҳужум АҚШ расмийларини ҳушёрликка чорлади

Oq uy

Оқ уй аппарати раҳбари Сюзан Уайлзнинг телефонига хакерлар томонидан бузиб кирилди. Улар Уайлз номидан сенаторлар, губернаторлар ва йирик бизнесменларга ёлғон хабарлар юбориб, телефон қўнғироқлари амалга оширган. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри манбаларга таяниб хабар берди.

Маълумотларга кўра, Уайлз АҚШ президенти Доналд Трампнинг яқин маслаҳатчиларидан бири бўлиб, аввалроқ унинг сайловолди кампаниясини бошқарган. Хакерлар унинг телефонини назоратга олиш орқали мамлакатдаги нуфузли шахслар билан бевосита алоқага чиқиш имконига эга бўлган.

Уайлз номидан юборилган баъзи хабарларда пул ўтказмалари ва афв этилиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини юбориш сўралган. Хакерлар, эҳтимол, сунъий интеллект воситасида Уайлз овозини тақлид қилган ҳолда қўнғироқлар қилган. Ёлғон хабарларда грамматик хатолар ва унинг услубига хос бўлмаган иборалар мавжуд бўлгани сабабли, қабул қилувчиларда шубҳа уйғотган.

Ҳозирда мазкур киберҳужум юзасидан ФҚБ ва Оқ уй махсус тергов олиб бормоқда. Терговчилар айни пайтда ҳужум ортида хорижий давлат борлигини тасдиқловчи аниқ далиллар мавжуд эмаслигини маълум қилган.

Сюзан Уайлз ўз ваколатлари ва расмий салоҳияти билан Трамп маъмуриятида муҳим рол ўйнаётган шахс сифатида кўрилар эди. Шу боис унга қилинган ҳужум АҚШ расмий доираларида жиддий хавотир уйғотган.