Омонат фоизларининг тушиши аҳоли маблағларининг банкка оқимини пасайтирди

30.05.2025 17:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Марказий банк кўрсатмасига биноан омонат фоиз ставкалари пасайтирилгани ортидан, аҳолининг банк омонатларига бўлган қизиқиши кескин камайди. Бу ҳолат бюрократик аралашувнинг бозор қонуниятларига таъсирини очиқ намоён этмоқда.

Omonat

Апрел ойи якунига кўра, тижорат банкларининг умумий депозит портфели 13,2 трлн сўмга ошиб, 339,2 трлн сўмни ташкил этган. Бироқ бу ўсишнинг деярли барчаси – 12,5 трлн сўми – корпоратив депозитлар ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, аҳоли омонатлари атиги 0,7 трлн сўмга кўпайиб, 1 май ҳолатига 129,9 трлн сўмга етган. Солиштириш учун, март ойида фоизлар пасайтирилишига қадар аҳоли омонатлари 5,3 трлн сўмга ошган эди. Бу эса омонатларга ишонч пасайганини кўрсатади.

Йил бошидан буён 18 та банкда аҳоли омонатлари қолдиғи ўсмаган ёки қисқарган. Улар орасида 5 та давлат банки ҳам бор. Айниқса, Ипотекабанк (-440 млрд сўм), ОФБ (-147 млрд сўм) ва Халқ банки (-105 млрд сўм)даги қисқаришлар эътиборга лойиқ.

Фоиз ставкаларидаги туб ўзгаришлар жамғарма одатларига таъсир қилиб, банк тизимига бўлган ишончга путур етказиши мумкин.