Озарбойжон ва Арманистон сулҳ шартномаси бўйича якунловчи босқичга яқинлашди

30.05.2025 08:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Озарбойжон ва Арманистон дипломатик каналлар орқали тинчлик шартномасини имзолаш масаласида фаол музокаралар олиб бормоқда. Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григоряннинг сўзларига қараганда, ҳужжат матни тўлиқ келишилган ва фақат имзо қўйиш қолган.

Armen

Григорян журналистларга берган баёнотида, Арманистоннинг ЕТТБ Минск гуруҳини расман тугатиш бўйича баёнотни ҳам айнан тинчлик шартномаси имзоланадиган кунида эълон қилишга тайёр эканини билдирди. Бу гуруҳ Қорабоғ низосини тартибга солиш бўйича асосий халқаро платформа ҳисобланарди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса тинчлик жараёнида тўсиқ бўлмаслик учун мамлакат Конституциясига ўзгартиш киритишга ҳам тайёр эканини айтди. Агар Конституциявий суд келишувни маъқулламаса, Пашинян буни халқ билан очиқ мулоқот асосида амалга оширишни таклиф қилди.

«Бу тинчлик имкониятини бой беришга ҳаққимиз йўқ. Узоқ муддатли барқарор тинчликка эришиш учун барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз», — деди у Ереванда ўтказилган форумда.

Пашинян, шунингдек, тинчлик шартномасини имзолаш Арманистон ҳукумати учун асосий устувор йўналиш эканини таъкидлади. Бу орқали у минтақада узоқ муддатли барқарорликка эришиш имкони борлигини билдирди.