Ўзбекистон автобозорида 2025 йилда импорт кескин камайди, талаб эса ўзгармоқда

30.05.2025 15:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2025 йил бошидан автомобили бозорида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Марказий банкнинг маълумотларига кўра, янги машиналар нархи ўсган, импорт ҳажми ва иккиламчи бозор фаоллиги пасайишда давом этмоқда.

Mashina

Сўнгги йилларда ички ишлаб чиқариш ўсишда давом этган. 2024 йилда Ўзбекистонда 399,2 минг автомобил ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 0,9 фоизга кўп. Бироқ импорт ҳажми кескин камайди: 2024 йилда у 7,1 фоизга пасайиб, 74,5 мингтага тушди. 2025 йилнинг биринчи чорагида эса импорт ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 69 фоизга қисқарди.

Электромобиллар ва гибрид машиналар импорти ҳам камайган. Бу, асосан, синов полигонларида мажбурий текширувлар жорий қилиниши ва талаб ўзгариши билан изоҳланади. Электромобиллар импорти 1,9 марта, гибридларники эса 24 бараварга пасайди.

Иккиламчи бозорда ҳам фаоллик сусаймоқда. 2024 йилда автомобиллар бўйича олди-сотди шартномалари 32,9 фоизга камайиб, 810 мингта бўлди. Январ-апрел ойларида эса савдо ўтган йилга нисбатан 125 мингтага камайди.

Нархларга келсак, янги автомобиллар нархи сўмда 4,7 фоизга, долларда 1,6 фоизга ошган. Эски машиналар нархи эса барқарор пасаймоқда, бу аҳолининг янги машиналарга қизиқиши ортиши билан боғлиқ.

Савдо ҳажмининг тушишига рўйхатдан ўтказиш тўловларининг 68 бараварга оширилиши ҳам таъсир қилган. Бензинли автомобилларни рўйхатдан ўтказиш 5,4 млн сўмни ташкил қилмоқда. Шунинг учун кўплаб ҳайдовчилар ишончнома орқали автомобилдан фойдаланмоқда.

Автокредитлаш ҳажми ҳам камайди: 2024 йилда 17,08 трлн сўмлик автокредит ажратилди, бу 2023 йилга нисбатан 2,1 баравар кам. Бозордаги эълонларнинг асосий қисми Тошкент ва унинг атрофида тўпланган.