Россия дронлар учун Эронга қарийб 4 тонна олтин тўлади

30.05.2025 13:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия Ирондан Shahed-136 туридаги зарба берувчи дронларни харид қилиш учун қарийб 4 тонна олтин тўлаган, деб ёзяпти The Moscow Times. Мазкур тўловлар АҚШ санкцияларини четлаб ўтиш ва молиявий операцияларни махфий сақлаш мақсадида амалга оширилган.

Putin

2023 йил 16 мартда Россиянинг «Алабуга» махсус иқтисодий зонаси ва Эроннинг Sahara Thunder компанияси ўртасида тузилган қўлёзма шартномага кўра, Россия 1,8 тоннадан ортиқ олтинни 104 млн доллар миқдорида тўлаган. 5 апрелда эса яна бир партия — 2 тоннадан зиёд олтин юборилган, аммо бу тўловнинг тафсилотлари ошкор этилмаган. Ушбу олтинлар дронлар етказиб бериш ва уларни Россияда йиғиш учун тўланган.

Таҳлилчиларга кўра олтин орқали ҳисоб-китоблар доллардаги операцияларга нисбатан санкцияларга камроқ дучор бўлади ва иштирокчилар учун юқори махфийликни таъминлайди. Бундан ташқари Россия томони баъзи тўловларни Дубайдаги банклар орқали дирҳамларда амалга оширган. Бу мақсадда БААнинг эркин иқтисодий зоналаридаги молиявий инфратузилмалардан фойдаланилган.

Sahara Thunder компанияси 2024 йил апрелда АҚШ томонидан санкцияларга учраган. Сабаби — Эрон Мудофаа вазирлиги билан боғлиқлиги ва Россияга дронлар етказиб беришда иштирок этиши. Санкциялардан сўнг, компания тугатиш жараёнини бошлаган, аммо таҳлилчилар унинг ўрнини тез орада янги юридик шахс эгаллаши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Россия ва Эрон ўртасидаги бу ҳамкорлик икки давлатнинг санкцияларга қарши туриш ва ўз ҳарбий салоҳиятини оширишга қаратилган стратегиясини намоён этмоқда. Бу ҳолат халқаро санкцияларнинг самарасига шубҳа уйғотади ва янги геосиёсий мувозанатларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин.