Самарқандда молиявий инклюзивлик ва яшил молия бўйича 15 мамлакат раҳбарлари учрашди

30.05.2025 10:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Самарқанд шаҳри 26-28 май кунлари молиявий инклюзивлик ва яшил молия мавзуларига бағишланган йирик халқаро йиғилишга мезбонлик қилди.

Samarqand

Тадбир Шарқий Европа ва Марказий Осиё сиёсат ташаббуси (ECAPI)нинг 15-йиғилиши доирасида, Молиявий инклюзивлик бўйича альянс (AFI) ҳамда Ўзбекистон Марказий банки ҳамкорлигида ташкил этилди.

Йиғилишда 15 мамлакатдан давлат регуляторлари, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш институтлари вакиллари иштирок этди. Асосий мақсад — минтақавий ҳамкорликни кучайтириш, молиявий инклюзивлик ва барқарор ривожланиш бўйича сиёсатларни такомиллаштиришдан иборат бўлди.

Иштирокчилар кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, краудфандинг, факторинг каби муқобил молия манбалари, яшил молия маҳсулотлари ва молиявий саводхонликни ривожлантириш борасида тажриба алмашишди. Шунингдек, ECAPIʼнинг IGF декларацияси лойиҳаси юзасидан ҳужжат тайёрлаш ишлари бошланди.

Иккинчи кун «Reguton» — регуляторлар марафони форматида ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистонда кичик бизнес ва молиявий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик тажрибасини ўрганишди. Якунловчи кун халқаро молиявий институтлар билан стратегик мулоқотга бағишланди.

Ўзбекистон Марказий банки 2018 йилдан бери AFI аъзоси бўлиб, 2025 йилдан ECAPIда раисликни ўз зиммасига олади. Бу мамлакатнинг минтақавий молиявий ислоҳотлардаги фаол иштироки ва етакчилик салоҳиятини янада оширишини англатади.