30 май куни Reuters хабар қилишича, АҚШ доллари бешинчи ой кетма-кет пасайиш арафасида турибди. Бунга асосий сабаб сифатида савдо сиёсатидаги беқарорлик, Доналд Трамп томонидан жорий қилинган тарифлар юзасидан суд қарорлари ва АҚШ иқтисодиётидаги ноаниқликлар келтирилмоқда.
Капитал бозорлари таҳлилчиси Кайл Родданинг таъкидлашича, «бу қарор янги ноаниқлик манбаига айланмоқда». Шу сабабли инвесторлар АҚШ активларидан воз кечиб, алтернатив бозорларга қарамоқда.
Доллар индекси ой давомида 0,4% пасайиши кутилмоқда. Бу унинг бешинчи кетма-кет тушиш ойи бўлади. Евро $1.1378 даражасида мустаҳкамланди, Швейцария франки ҳам кучайиб, 0.8216 долларга тенглашди. АҚШ валютаси франк, евро ва фунтга нисбатан ойлик йўқотишга дуч келмоқда.
Шу билан бирга, ривожланаётган бозорлар валюталари индекси ой давомида 2,2% ўсди — бу 2023 йил ноябридан бери энг катта ўсиш ҳисобланади.
Инвесторлар шунингдек, Трамп томонидан белгиланган 9 июл тарифлар муддати олдидан янги савдо келишувлари ҳақидаги хабарларга ҳам эътибор қаратишмоқда.