Сенаторлар ҳайвонларни ҳисобга олиш тўғрисидаги қонунни тасдиқлади

30.05.2025 20:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда ҳайвонларни ҳисобга олиш, рўйхатдан ўтказиш ва кузатиб бориш ишларини ҳуқуқий тартибга солувчи янги қонун қабул қилинди. Қонун орқали соҳага оид барча жараёнлар ягона электрон тизим орқали амалга оширилади.

Sigir

Юқори палата матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳужжат билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ваколатли орган сифатида белгиланди. У рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш ишларини ташкил этиш билан шуғулланади.

Қонунга мувофиқ, ваколатли орган ходимлари ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари белгилаб қўйилди. Ҳайвонларни ҳисобга олиш ишлари қандай муддатда ва қандай талаблар асосида амалга оширилиши аниқлаштирилди.

Янги тартибларга кўра, ҳайвонларни кузатиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича техник ҳамда ташкилий вазифаларни «Ҳайвонларни идентификация қилиш маркази» амалга оширади. Шунингдек, электрон маълумотлар реал вақтда алмашиниб борилади.

Қонун ижроси натижасида ҳайвонлар, уларнинг зот хусусиятлари ва саломатлиги тўғрисида ягона маълумотлар базаси яратилади. Улар ҳаракати (миграцияси) ва ҳимояси учун қоидалар жорий этилади. Шунингдек, хавфли касалликларга қарши мунтазам эмлаш ишлари йўлга қўйилади.

Аввалроқ, Тошкент вилоятида йўлбарс ва еттита питон боққани аниқланган шахс ҳақида хабар берилганди.