Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ёзги таътилни мазмунли ўтказиш мақсадида 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун «Актуал 90 кун» номли дастур ишга туширилди. Дастур доирасида 100 та умумтаълим мактабида беш сменали кундузги лагерлар фаолият юритади. Ҳар бир смена 12 кундан иборат бўлиб, машғулотлар 8:00 дан 12:00 гача давом этади.
Шаҳар халқ таълими бошқармаси раҳбари Ирода Юлдашева таъкидлашича, лагерларнинг асосий мақсади — болаларга тўлақонли дам бериш ва уларнинг интеллектуал ҳамда жисмоний ривожланишига ҳисса қўшишдир. Унга кўра, мактаблар ўз имкониятларидан келиб чиқиб шахмат, чет тиллари, театр, робототехника каби тўгараклар ташкил этишмоқда. Машғулотларда қатнашиш бепул бўлади.
Бундан ташқари, 207 мактабда спорт-сағломлаштириш майдончалари фаолият юритади. Уларда ва кундузги лагерларда футбол, волейбол, енгил атлетика, миллий кураш, сузиш каби спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилади. Жами 820 нафар мураббий ва спортчи жалб қилинган.
Шунингдек, ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари 21 та шаҳар бассейнида болалар учун сузиш бўйича тренировка ва мусобақалар ташкил этилади. Йўл ҳаракати қоидалари бўйича махсус дарслар ҳам ўтказилади.
Маданият соҳаси ҳам четда қолмаган: ҳар куни соат 19:00 дан 22:00 гача «Наврўз» боғида ва бошқа маданий марказларда концертлар бўлиб ўтади. Уларда театрлар, цирк жамоалари, маҳалла аҳолиси иштирок этади.
Лойиҳа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, 6 миллиондан зиёд болалар таътилда бўлар экан, уларнинг ҳар бири фойдали ва мазмунли вақт ўтказиши учун зарур шарт-шароит яратилиши шарт.