Тошкентдан Самарқанд ва Андижонга: биринчи пуллик йўллар қачон очилади?

30.05.2025 14:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда илк пуллик йўллар Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон йўналишларида қурилади. Лойиҳаларнинг умумий қиймати $6 миллиарддан ортиқ бўлиб, қурилиш ишлари 2024 ва 2026-йилларга мўлжалланган.

Samarqand

Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида пуллик автомагистраллар қуриш режалаштирилган. Президент қарорига кўра, давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган икки йўл лойиҳаси тасдиқланган. Улар Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон йўналишларини қамраб олади.

«Тошкент—Самарқанд» йўли қурилиши жорий йилда бошланиши кутилмоқда. 2026-йилда эса «Тошкент—Андижон» йўли лойиҳаси амалга оширилади. Иккинчисининг умумий узунлиги 171 км бўлиб, у Қамчиқ довонини ҳам ўз ичига олади.

Ҳар икки лойиҳа Жаҳон банки ҳамда халқаро маслаҳатчи ташкилотлар — Arup ва CMS иштирокида молиялаштирилмоқда. Автомагистралларда юк кўтариш қуввати 13 тонна этиб белгиланган ва хизмат муддати 25 йилгача бўлиши айтилади.

Пуллик йўлларда бир тарафлама ҳаракат учун тахминан 100 минг сўм тўлаш кутилмоқда. Йўлларда максимал тезлик 120–150 км/соатгача етиши мумкин.

Қўшни давлатлардаги тажрибага назар ташласак, Қозоғистонда пуллик йўллар сони 25 тани ташкил этади. Россияда эса Масква—Санкт-Петербург орасидаги пуллик йўлда енгил машиналар учун тўлов $50 дан ошади.

Европа ва Хитойда пуллик йўллар орқали транспорт оқими самарали бошқарилади, йўллар тезкор ва хавфсиз ҳаракатни таъминлайди. Ўзбекистонда ҳам ушбу тажрибалардан келиб чиқиб, замонавий тўлов тизимлари жорий этилиши кўзда тутилган.