Йирик солиқ тўловчилар давлат бюджетига 123,3 трлн сўм туширди

30.05.2025 19:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2024 йил давлат бюджети тушумларининг 61,8 фоизи йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келди. Бу кўрсаткич солиқ тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини намоён этмоқда.

Soliq

Ўзбекистонда самарали солиққа тортиш тизимини шакллантириш ва давлат солиқ хизмати органларининг тизимли фаолиятини таъминлаш мақсадида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2024 йил 1 июлдан бошлаб корхоналарни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларининг янги таҳрири кучга кирди ҳамда хўжалик субъектларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди.

Республика давлат бюджетига 2024 йилда умумий солиқ тушумлари 199,6 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу тушумнинг 123,3 трлн сўми ёки 61,8 фоизи йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келди. Солиқ органларининг маълум қилишича, бу кўрсаткич 2020 йилда 47 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 62 фоизгача ўсган.

Қайд этилишича, 2021 йилда йирик солиқ тўловчилар сони 1120 тани ташкил этган ва уларнинг ҳиссаси 64 фоизга етган бўлса, 2024 йилда бундай субъектлар сони 959 тани ташкил этмоқда. Бу эса тушумлар улушининг миқдорий кўрсаткичлар билан узвий боғлиқлигини кўрсатади.