Apple iPhone’ни тугмаларсиз ишлаб чиқариш устида иш олиб бормоқда

31.05.2025 20:31 | 3 дақиқада ўқилади.

Apple келажакдаги iPhone, iPad ва Apple Watch қурилмаларида жисмоний тугмалар ўрнига тактил алоқа берувчи тугмалардан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу янгилик қурилмалардаги тугмаларнинг беихтиёр босилиб кетишларига барҳам беради ва мустаҳкамлигини оширишга хизмат қилади.

Iphone

Apple компанияси қурилмалардаги тугмаларни тўлиқ йўқ қилиш орқали янги авлод iPhone ва бошқа қурилмаларни механик шикастланишдан ҳимоя қилишни мақсад қилмоқда. Бу ҳақда MacRumors нашри Хитой манбаларига таяниб хабар берди.

Компания томонидан ишлаб чиқилаётган янги турдаги тугмалар — қаттиқ жисмли тактил тугмалар — фойдаланувчи босим даражасига қараб, турлича реакция бериши мумкин. Уларнинг ёрдамида енгил ва қаттиқ босиш фарқланади, бу эса фойдаланиш имкониятларини кенгайтиради.

Apple аввал ҳам бундай технологияни iPhone учун синаб кўрган, бироқ турли техник муаммолар сабаб лойиҳа вақтинча тўхтатилган эди. Хусусан, «ёлғондакам босилишлар» — тугмаларнинг аниқ жавоб бермаслиги масаласи лойиҳани кечиктирган асосий омил сифатида кўрсатилмоқда.

Хитойлик инсайдернинг нашрга маълум қилишича, Apple ҳозирда тугмаларни қурилманинг металл корпуси билан интеграция қилиш устида ишламоқда. Бу эса анъанавий механик тугмаларнинг ҳиссини такрорлашга ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.

Технология яқин йилларда фойдаланувчиларга тақдим этилиши мумкин, чунки Apple уни Apple Watch ва iPad қурилмаларида ҳам синовдан ўтказишни режалаштирмоқда. Бундай янгилик қурилмаларни сув кириши ва чанглардан яхшироқ ҳимоя қилиши мумкин.