Ҳарбий хизматга чақирув электронлаштирилди

31.05.2025 14:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Энди Ўзбекистонда ҳарбий чақирувлар электрон тарзда амалга оширилади. Бу тизим давлат идоралари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтиришга қаратилган.

Harbiy

АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Нарзиев маълум қилишича, фуқароларни чақириш ва хабардор қилиш жараёни эндиликда my.gov.uz портали орқали юритилади. Хизматдан фойдаланиш учун фуқаро мазкур платформада рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. Чақирув ҳақидаги маълумот мобил иловадаги “Хабарномалар” бўлимида акс этади.

Чақирув олган шахслар белгиланган вақтда туман ёки шаҳар мудофаа бўлимларига боришлари шарт. Улар туғилганлик гувоҳномаси, шахсий паспорт ва ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини тақдим этишлари лозим.

Айни пайтда, мазкур тизим тест режимида ишлаётгани сабабли, анъанавий қоғозли чақирув тартиби ҳам амал қилишда давом этади.

Шунингдек, ҳарбий хизматга контракт асосида кирмоқчи бўлган фуқаролар учун ҳам аризаларни онлайн тарзда топшириш имкони яратилган. Бу чоралар хизмат жараёнини соддалаштириш ва замонавийлаштиришга қаратилган.