Кам болаликнинг кўп муаммоси: туғилиш даражаси пасайишининг инсоният учун таҳдиди

31.05.2025 14:00 | 24 дақиқада ўқилади.

Бутунроссия ижтимоий фикрни ўрганиш маркази (ВЦИОМ)нинг яқинда эълон қилинган ҳисоботига кўра, 2024 йилда Россияда 1,22 млн дан ортиқ бола туғилган, бу эса ўтган йилга нисбатан 3,4 фоизга кам демакдир. Пайдо бўлган вазият дунё миқёсидаги тенденцияга мос келади.

Rossia bolalar

Forbes Young ушбу тенденция қандай хавф-хатарларни олиб келиши мумкинлигини ўрганди.

«Мен ўзимни ғалати бир компанияда деб ҳис қиламан, — деб ҳазил қилади Бостон университети фалсафа кафедраси доценти Виктор Кумар «Ёшликнинг йўқолиши» эссесида. —Ўнг қанот пронаталистлар (туғилишни рағбатлантириш сиёсати тарафдорлари) абортларни тақиқлашни, бефарзандлик учун жазолашни, аёлларни ёшлигидан турмуш қуришга ва уйдан ташқаридаги карйерадан воз кечишга мажбурлашни исташади. Бошқача айтганда, улар туғилиш даражасини ўтган асрнинг бошидаги патриархал тартибларни тиклаш орқали яна юқори даражага олиб чиқишни хоҳлашади… Аммо дорининг аччиқ экани, касаллик йўқлигини англатмайди».

Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситаларидаги ахборот шовқини ва бутун дунё бўйлаб амалдорларнинг зиддиятли таклифлари кўпчиликни туғилиш даражасининг пасайишига бефарқ қарашга мажбур қилмоқда — бироқ муаммо мавжуд.

«Россияда туғилиш даражасининг пасайиши тенденцияси 2015 йилдан буён кузатилмоқда ва ҳозирги кунда сўнгги 10 йил ичида энг паст даражага тушди», — дейилади ВЦИОМ томонидан «Футурологик конгресс — 2036» лойиҳаси доирасида тайёрланган ҳисоботда.

Вазият яна шундан ҳам оғирлашмоқдаки, бу ҳолат тарихда ўхшаш мисолларга эга эмас. «Бизнинг демографик муаммомиз қай даражада жиддий? Тарих айни ҳақиқатни кўрсатади: ҳеч қайси ривожланган мамлакатда туғилиш даражаси ўзини тиклаш даражаси (яъни ҳар бир оилада икки бола туғилиб, улар ота-оналарининг ўрнини эгаллайдиган даража. — Forbes Young) дан пастга тушиб, кейин қайта кўтарилмаган», — деб ёзади Кумар.

Кўрсаткичларни ўлчаш ва саломатлик ҳолатини баҳолаш институти (IHME) статистикасига кўра, Ер шари аҳолиси сони аср охирига борибгина қисқара бошлаши кутилса-да (гўёки бу муаммога бугун яшовчи одамларнинг кам қисми тўғридан тўғри дуч келади), аммо инсоният устидан осилиб турган хавф-хатарлар аллақачон олимларнинг диққат марказида турибди ва чоралар кўриш талаб этила бошланди.

 

Бефарзанд қариялар

Ёшлар сони қариялар сонига нисбатан камайиши кекса авлод учун кўплаб хавф-хатарларни келтириб чиқаради, деб ҳисоблайди Виктор Кумар. Пенсионерлар кўпайиб кетади ва жамият ҳамда давлат томонидан парваришга қаттиқ муҳтож бўлади. Фалсафачи қўрқинчли манзарани тасвирлайди: шифохоналар одамларга тўлиб кетади, болалар майдончалари бўшаб қолади, мактаблар эса қариялар учун парвариш муассасаларига айлантирилади, пенсия тизими емирилади, чунки меҳнатга лаёқатли аҳоли уни молиялаштира олмайди.

Бундан бир оз некбинроқ прогнозига эга мустақил тадқиқотчи, демограф Алексей Ракшанинг таъкидлашича, тиббиёт соҳаси жадал ривожланади — унда янада кўпроқ мутахассислар, инновациялар ва маблағлар пайдо бўлади — зўравонлик даражаси камаяди, можаролар сони пасаяди ва шаҳар муҳити қариялар учун қулайроқ ва умуман хавфсизроқ бўлади. Кумар каби Ракша ҳам ижтимоий инфратузилманинг ўзгаришини башорат қилади. Мактаб ўқувчилари сони камайиб, қариялар сони ортиши туфайли бўшайдиган биноларни қариялар парвариш марказларига айлантириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Пенсия сиёсати ҳам ўзгариши табиий. «Қарияларга кўпроқ ишлашга тўғри келади, чунки «пастдан қариш» (яъни аҳоли сони туғилиш камайиши орқали қариши) меҳнатга лаёқатли ва лаёқатдан чиққан аҳоли улушининг ўзгаришига олиб келади, шу боис ҳукуматлар пенсия ёшини оширишга мажбур бўлади — одамлар кўпроқ ишлайди», — деб ҳисоблайди Ракша. Бироқ буни мутлақо салбий сценарий сифатида баҳолашга шошилмайди тадқиқотчи. «Юқоридан қариш» — ёшга боғлиқ ўлим ҳолатларининг камайиши — умр кўриш давомийлигининг ортиши, аҳоли саломатлигининг яхшиланиши ва натижада меҳнат фаоллигининг узоққа чўзилиши билан боғлиқ. Ҳозирги иш турлари эса «кўпроқ ҳаёт ва саломатликни сақлашга ёрдам беради, илгаригидек соғлиққа зарар етказмайди». «Мен «юқоридан қариш»да ёмон нарса кўрмайман. Ундан олинадиган бонуслар эса ҳозирнинг ўзида сезилмоқда», — дея тушунтиради Ракша.

Муаммо эса, унинг фикрича, умр кўриш давомийлигининг ўсиши пенсия ёшининг ошиб боришига ҳар доим ҳам улгурмаслигида. Бу фикрни Халқаро аҳоли ва соғлиқни ўрганиш лабораторияси катта илмий ходими Елена Чурилова қўллаб-қувватлайди: «Бу ерда қарияларнинг соғлиғи ва функционал ҳолати масаласи туғилади. Агар улар асосан яхши соғлиққа эга бўлсалар, бу ижобий сценарий бўлади, чунки бундай қариялар узоқ вақт давомида фаол, иқтисод ва жамият ҳаётига жалб этилган ҳолда қолиши мумкин». Агар ундай бўлмаса, давлатлар янада оғир ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келади.

Қолган масалаларда Чурилова ҳам ўхшаш прогнозлар беради: қарияларнинг ёлғизлиги муаммоси долзарблашади, инфратузилма қариялар эҳтиёжларига мослаштирилиши талаб этилади, «сиёсат эса тобора консервативроқ ва қариялар эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиб қолиши мумкин».

 

«Коллектив ақл» нинг йўқолиши

Туғилиш даражасининг пасайиши давлатларга ва жаҳон иқтисодиётига ҳам зарба беради. Бугунги кунда солиқ базасининг қисқариши келажакда таълим, хавфсизлик, соғлиқни сақлаш каби энг муҳим ижтимоий таъминот соҳалари етарлича молиялаштирилмаслиги хавфини келтириб чиқаради.

«Аҳоли ўсиши иқтисодий ўсишни ҳам рағбатлантиради. Кўпроқ одам — кўпроқ ишчи, кўпроқ истеъмолчи ва кўпроқ инновация дегани. Аҳоли кўпайганда, миқёс самараси орқали самарадорлик ошади ва бойлик кўпаяди», — дея таъкидлайди Кумар ва қўшимча қилади: меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камайиши орқали биз бугун амал қилаётган синергетик иқтисодий самарадан айриламиз.

Шу билан бирга, агар макро даражада қаралса, бу ҳал қилувчи омилга айланмайди. Энди эса янада хавфлироғи — канадалик эволюцион олим Жозеф Ҳенрик «коллектив ақл» деб номлаган нарсанинг йўқолиши. Катта жамиятлар янгилик яратишда, эскини қайта кўриб чиқишда фаолроқ бўлади ва умуман ақлий меҳнат соҳаларини яратиш ва ривожлантириш вазифасини яхшироқ бажаради.

«Биз муайян инновацияларни эмас, балки бутун бир соҳаларни кузатишдан ҳам воз кечамиз, бу эса фундаментал тадқиқотлардан тортиб муҳандислик ва тиббиётдаги технологик тараққиётгача бўлган соҳаларга таъсир қилади», — деб ҳисоблайди Кумар.

Бундай стагнациянинг алоҳида хусусияти ёш мутахассислар сони камайиши орқали яққол намоён бўлади, чунки улар, америкалик фалсафачининг фикрича, ўзгаришларнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучидир: «Ёшлар фақат ишни бажариш билан чекланмайди; улар бу иш қандай бажарилиши кераклигини қайта кўриб чиқади. Улар фақат иқтисодиётда иштирок этмайди; уни ўзгартиришади».

Ёш аҳоли сонининг камайиши дунёда инновациялар сонини камайтириши мумкинлиги фикрига Алексей Ракша ҳам қўшилади: «Ихтиролар камаяди, чунки асосан ёшлар ихтирочилик билан шуғулланади. Тадбиркорлар улуши ҳам камаяди, чунки бу ҳам кўпроқ ёшларга хос».

Ўтган йили Forbes’га берган интервюсида олим шундай хулоса қилган эди: туғилиш даражасининг пасайиши иқтисодиёт ўсишини секинлаштиради ва унинг инновационлиги пасаяди.

Шу мавзуда Елена Чурилова ҳам бошқа нуқтайи назардан фикр билдиради: «…қариялар консерватизмга мойил бўлади, янги технологияларни ўрганиш ва ўзлаштириш улар учун қийин кечади. Кундалик фаолиятда муайян чекловларга эга бўлган жуда кекса одамлар учун эса аксинча — «қанчалик оддий ва таниш бўлса, шунчалик яхши ва тушунарли» тамойили муҳимроқ бўлади».

Жамият ҳаётининг бошқа — маданий томони ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим. Туғилиш даражасининг пасайиши ижодий фаолиятга ҳам иқтисодиётга бўлган таъсиридек чуқур таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди Виктор Кумар: «Ёшлар ҳар доим санъат, мода, мусиқа, адабиёт ва кино асарларининг асосий яратувчилари бўлиб келган. Улар сони камайиши ортидан келажак маданий чўлга айланади. Тасаввур қилинг: 1960-йиллар рок-н-роллсиз, 1970-йиллар Ҳолливуд муаллифларисиз, 1980-йиллар стрит-артсиз ёки 1990-йиллар ҳип-ҳопсиз… Инсоният тарихи давомидаги ҳар бир йирик тараққиёт — технологик, маданий, маънавий — айнан ёшлар ҳиссаси билан амалга ошган».


Муаммони ҳал қилиш мумкинми?

Ҳавотирли прогрессивларга қарамай, Кумар вазиятга хотиржамлик билан ёндашишга чақирмоқда: «Аҳоли сонининг қисқариши — бу жиддий муаммо, аммо цивилизация учун фавқулодда ҳолат эмас, деб жар солаётган кескин чоралар тарафдорларининг даъволарига қўшилмайман. Бу — реаллик ва у ўлчовли, комплекс ёндашувни талаб қилади». Аммо бу муаммонинг ечими борми?

Айримлар учун энг осон йўл — мажбурлаш бўлиб кўрилиши мумкин. Бироқ мутахассислар бу йўлнинг самарасиз эканини таъкидлайдилар. «Мажбурий чоралар ҳеч қачон самарали бўлмаган, ҳозир ҳам самарали эмас ва келажакда ҳам самарали бўлмайди, чунки улар аҳоли қаршилигига учрайди ва кўпчиликнинг хоҳишига зид бўлади», — деб таъкидлайди Чурилова.

«Бизнинг асосий вазифамиз — туғилиш даражасини ошириш, бу билан бирга эса мавжуд ижтимоий ютуқларни сақлаш ва кенгайтириш, — деб ёзади Кумар. — Бизга инновацион ёндашувлар керак, улар туғилиш даражасини тарихий сабаблардан — камбағаллик, зулм ва гендер тенгсизлигидан — ажратиб қўя олиши лозим. Ечим тараққиётни ортга қайтаришда эмас, балки замонавий жамиятда оила қуришни қайтадан шарҳлашда ётади».

Агар манфий мотивация иш бермаса, ижобий мотивация ишлайдими? Жавоб унчалик тасалли берувчи эмас. «Ҳозирча ҳеч қайси мамлакат туғилиш даражасининг пасайишини тўхтата олгани йўқ, қолаверса, уни ўзини тиклаш даражасига кўтарган ҳам эмас. Туғилишни қўллаб-қувватлаш сиёсати бўйича чоралар анча кенг қамровли: пуллик тўловлар, нафақалар, солиқ имтиёзлари, инфратузилмани яратиш, енгиллаштирилган иш жадвали, ҳомиладорлик ва бола парвариши таътиллари. Бу чоралар ёки қисқа муддатга умумий туғилиш коэффициентининг қисқа кўтарилишини беради, ёки деярли ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, аммо ота-оналарга иш ва оилавий ҳаётни уйғунлаштиришни енгиллаштиради, болали оилаларда камбағаллик даражасини пасайтиради», — деб тушунтиради Чурилова.

«Ҳозирда профессионал демографлар орасида шундай фикр кенг тарқалмоқда: ҳатто бола туғилганда ота-оналарни доимо яхши қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд бўлган мамлакатларда ҳам маълум чоралар самарасизлаша бошлаган. Чунки бола туғиш ҳақида қарор қабул қилишда молиявий омил ягона ҳал қилувчи бўлмай қолаётир. Энди қарор қабул қилишда айниқса номаълумлик ва келажак учун хавотир фонида ҳаёт тарзини тубдан ўзгартиришга тайёр бўлиш муҳимроқ бўлиб бормоқда.

Демографлар эътиборни кўпроқ маданий ва қадриятларга қаратишмоқда: асосий эҳтиёжлар қондирилган ҳозирги шароитда ўзини рўёбга чиқариш имкониятлари кенг ва кўпчилик учун ҳаётдан лаззат олиш асосий қадриятга айланган. Шу боис, ҳатто битта бола туғилиши ҳам чекловларни ва аввалги ҳаёт тарзини давом эттириш имконияти йўқолишини англатади».

«Менимча, — хулоса қилади Чурилова, — туғилиш даражасининг пасайишига қарши кураш самарасиз, чунки бунинг учун аҳоли қарашларини, қадриятларини тубдан ўзгартириш керак бўлади. Аҳолининг болалар сонига бўлган муносабатини самарали ўзгартириш мумкинми? Менинг бу саволга жавобим йўқ. Бироқ исталган бола сонининг туғилиши учун шароит яратишга ҳаракат қилиш лозим».

Ракша ҳам бу фикрга қўшилади: «Туғилиш даражасининг пасайишига қарши курашиш керак. Барча бошқа омиллар бир хил бўлганда ҳам туғилиш даражасининг узоқ муддат давомида паст бўлиши аҳоли таркибида қарияларнинг устунлашуви, иқтисодий ўсишнинг тўхташи ва давлатнинг кўп жиҳатдан дунё саҳнасидан четга сурилишига олиб келади».

Умид бағишловчи ғоялар

«Туғилиш даражасининг пасайишидан ижобий жиҳат топиш жуда қийин. Ҳеч бўлмаганда, алоҳида ривожланган мамлакатлар даражасида туғилиш даражасининг паст ва янада паст даражаларга тушишида умуман ижобий жиҳатлар йўқ», — деб ҳисоблайди Чурилова.

Бироқ, пессимистик руҳдаги муҳокамаларга қарамай, айрим мутахассислар оптимизм учун асос топмоқда. Масалан, Виктор Кумарнинг таъкидлашича, туғилиш даражасининг пасайиши ҳукуматларни инсон капитали ривожланиши сиёсатига қайта қарайдиган қилиш мумкин: иқтисодиёт барқарорлигини сақлаш учун камбағалликни йўқ қилиш, таълимни яхшилаш ва бошқа шу каби чоралар қабул қилиниши мумкин.

Бундан ташқари, корхоналарда ишчилар сонининг камайиши бизнесни ишлаб чиқариш жараёнини янада технологиклаштиришга — одамлар ўрнига роботлар ва сунъий интеллектни жорий этишга — мажбур қилиши мумкин.

Шу билан бирга, Елена Чурилова таъкидлашича, қариялар сони ёшлар сонидан ортиқ бўладиган дунё ҳали жуда олисда: «БМТнинг жаҳон аҳолиси бўйича прогнозига кўра, 2100 йилга келиб дунё аҳолисининг 24 фоизи 65 ёшдан катта, 17 фоиз қисми эса 15 ёшдан кичик бўлади, яъни қолган 59 фоиз меҳнатга лаёқатли аҳоли бўлади. Шунинг учун қариялар сони ёшлардан ортиқ бўладиган вазият ҳозирча жуда олис келажак ва эҳтимол, демографик тенденциялар ўзгариб, бундай вазият умуман юзага келмаслиги ҳам мумкин».

Эссенинг хулосасида Кумар ҳам шундай таъкидлайди: келажакда ҳозир башорат қилиш имконсиз бўлган омиллар ҳам муҳим рол ўйнаши мумкин. Масалан, болаларни фақат ота-оналар эмас, балки дўстлар ва қўшнилар ҳам биргаликда тарбиялайдиган, иш жойларида болалар парвариши учун шарт-шароитлар яратиладиган коллектив тарбия ғоясининг қайта тикланиш сценариисини ҳам инкор этиб бўлмайди.

«Ҳар қанча шундай ўзгаришлар қандай юз беради, деб аниқ башорат қила олмасак-да, болаларни барқарор ва адолатли тарбиялашни рағбатлантиришга интилишимиз мумкин. Ҳеч бўлмаганда, биз бу ҳақда кўпроқ ўйлашимиз керак», — дея хулоса қилади фалсафачи.