Франция президенти Эммануэл Макрон 30 май куни Сингапурда ўтказилган «Shangri-La диалоги» хавфсизлик анжуманида сўзга чиқиб, Шимолий Кореянинг Россияга Украина урушида кўрсатаётган ёрдами бутун жаҳон хавфсизлиги учун таҳдид солаётганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, Хитой Пхеньянга босим ўтказиб, уни Россия билан ҳамкорликдан воз кечишга мажбур қилиши лозим. Акс ҳолда, НАТО Жануби-Шарқий Осиёдаги фаолиятини кенгайтириш масаласини кўриб чиқиши мумкин.
Макрон аввалроқ НАТОнинг Осиёдаги ролини чеклаш тарафдори бўлганини эслатди. Бироқ КХДРнинг Европа ҳудудидаги ҳаракатларида иштирок этиши вазиятни тубдан ўзгартирмоқда.
Маълумотларга кўра, Шимолий Корея Россияга 15 мингга яқин ҳарбий юборган ва улар орқали Украина назоратида бўлган айрим ҳудудларни қайтариб олишга ёрдам берилган. Бундан ташқари, Пхеньян Россия армиясини артиллерия ўқ-дорилари билан доимий таъминлаб келмоқда. Ғарб манбаларига кўра, 2024 йилда КХДР Россияга тахминан 6 миллион дона снаряд етказиб берган.
Украина разведкаси маълумотига қараганда, Шимолий Корея ҳозиргача Россияга юзлаб артиллерия қурилмалари, реактив тизимлар ва баллистик ракеталар жўнатган. Бу хизматлар эвазига Россия КХДРга ёқилғи, ракета технологиялари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Ғарб қуролларининг айрим намуналарини, жумладан Австриянинг Steyr Mannlicher SS 08 снайпер милтиғини етказиб бермоқда. Шунингдек, Ким Чен Инга ўзига хос совғалар — оппоқ отлар, экзотик ҳайвонлар ва Aurus автомашиналари тақдим этилмоқда.
Апрель ойида Россия президенти Владимир Путин бу ёрдам учун Шимолий Кореяга оммавий миннатдорлик билдирган ва «кореялик аскарларнинг жасорати абадий хотирада қолишини» айтган.