Microsoft маблағ тиккан «нейротармоқ»ни юзлаб ҳиндлар юритгани маълум бўлди

31.05.2025 16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Microsoft маблағ тикиб, қўллаб-қувватлаган Natasha AI нейротармоғи аслида ҳақиқий сунъий интеллект эмас, балки юзлаб ҳиндистонлик мутахассислар меҳнатига асосланган стартап бўлиб чиқди.

Natasha ai

Лондонда жойлашган технологик стартап Builder.ai ўзини дастур яратишни автоматлаштирувчи инновацион компания сифатида танитган эди. Унинг Natasha AI деб номланган «нейротармоғи» орқали кодсиз иловалар яратиш таклифи катта шов-шувга сабаб бўлган. Бироқ, The Wall Street Journal таҳририяти аниқлашича, компания аслида СИ эмас, балки 700 га яқин ҳиндистонлик дастурчилар меҳнатига таянган.

Шу ҳолатга қарамай, инвесторлар ўз маблағларини тиккишда давом этдилар. Builder.ai умумий ҳисобда 440 млн доллардан ортиқ инвестиция жалб қилди, инвесторлар орасида Microsoft ва Қатар Суверен инвестиция жамғармаси ҳам бор эди. Ушбу сармоялар орқали компания 1 млрд доллардан ортиқ қийматга эга стартап мақомига чиқди.

2025 йил февралда компанияда раҳбарият ўзгарди. Янги жамоа молиявий муаммоларни сунъий интеллектни сохта кўрсатиш билан эмас, балки олдинги менежментнинг молияни самарасиз бошқариши билан изоҳлади.

Май ойида эса Investor Viola Credit компаниянинг ҳисобларига 37 млн долларлик тақиқ қўйди. Бу эса Builder.aiнинг Буюк Британия, АҚШ, БАА, Сингапур ва Ҳиндистондаги фаолиятининг тўхташига олиб келди. Бундан сўнг компания банкротликдан ҳимоя сўраб мурожаат қилган ва ходимларни қисқартиришга мажбур бўлган.

Natasha AI номи ортида одамлар меҳнатига асосланган бизнес модели яширингани аён бўлган ҳолда, бутун фаолият сохта сунъий интеллект ғоясига асослангани инкор этилмайди. Бу ҳолат СИ соҳасидаги сармоя ва ишонч муаммоларини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.