Reuters агентлигининг OPEC+даги манбаларига кўра, ташкилот аъзолари ва унинг ҳамкорлари 2025 йил июл ойидан нефт қазиб олиш ҳажмини кунига 411 минг баррелдан ортиққа оширишни муҳокама қилмоқда. Айни пайтда ушбу давлатлар бозорга нефтни жадал суръатда қайтармоқда, бу эса нархларга босимни оширмоқда.
Шанба куни саккизта мамлакат вакиллари онлайн йиғилиш ўтказади. Унда ушбу миқдорда қазиб олишни июлда ҳам давом эттириш ёки янада кўпроқ миқдорга кўтариш масаласи кўрилади. Илгарироқ, OPEC+ май ва июн ойлари учун айнан шунча — 411 минг барреллик квотани оширишга келишган эди.
Қозоғистон томонидан берилган баёнот муҳокамаларга қўшимча импулс берди. Мамлакат энергетика вазирлиги маълумотига кўра, Қозоғистон май ойида кунига 1,75 млн баррел нефть қазиб олган. Бу эса жорий ой учун белгиланган 1,4 млн барреллик квотадан анча юқори кўрсаткичдир.
Шунингдек, Қозоғистон июн ойида Каспий қувур консорциуми орқали Новороссийск портига экспорт ҳажмини 1,65–1,7 млн баррелгача оширишни режалаштирмоқда. Бу фаолият, делегатлар фикрича, OPEC+ давлатларини янада катта ҳажмда қазиб олиш қарорини қабул қилишга ундаши мумкин.
Бу орада нефт нархлари пасаймоқда. Жума куни Brent нефтининг нархи 0,4 фоизга камайиб, бир баррел учун 63,9 долларни, WTI эса 0,1 фоизга тушиб, 60,87 долларни ташкил этди.