Қозоғистон BRICSга аъзо бўлишдан бош тортди

31.05.2025 11:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев BRICS ташкилотига аъзо бўлиш нияти йўқлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ташкилотда кузатувчи мақомини сақлаб қолади ва унга тўлақонли аъзо бўлиш ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас.

Tokaev

Қозоғистон BRICS ташкилотига қўшилишдан бош тортди. Президент Қасим-Жомарт Тўқаев Al Jazeera телеканалига берган интервюсида мамлакат ҳозирча кузатувчи мақомида қолишини билдирди. Унинг таъкидлашича, бундай қарор прагматик ёндашув натижаси бўлиб, BRICSда аъзоликка оид аниқ қоидалар ва тузилмалар мавжуд эмас.

Тўқаевнинг фикрича, ташкилотнинг устави, доимий котибияти ва аниқ дастурлари йўқ. Шу сабабли Қозоғистон ҳозирча фақат кузатувчи мақомида қолади. У: «Келажакда BRICS халқаро ташкилот сифатида қай даражада самарали бўлишини кузатамиз», — деди.

Президент маслаҳатчиси Берик Валининг 2024 йил октябрида маълум қилишича, Қозоғистонга BRICSга қўшилиш таклиф қилинган, бироқ Тўқаев бу қадамдан воз кечган. Унинг айтишича, қарор миллий манфаатлар нуқтаи назаридан қабул қилинган ва мамлакат БМТни барча халқаро муаммоларни муҳокама қилиш учун энг тўғри платформа деб билади.

Қозоғистон 2025 йил 1 январдан BRICSнинг расмий ҳамкори мақомини олган. 2006 йилда ташкил этилган BRICSга ҳозирда Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка, БАА, Эрон, Миср, Эфиопия ва Индонезия аъзо.

2025 йил бошида ташкилот янги аъзолар қабул қилиш жараёнини вақтинча тўхтатганини эълон қилди. Сабаб сифатида аъзолар сони ортиши билан боғлиқ институционал муаммолар кўрсатилган.

Айни пайтда, BRICS АҚШ президенти Доналд Трампнинг ташкилот аъзоларига нисбатан юз фоизлик бож жорий этиш таҳдиди ортидан босим остида қолди. Шу таҳдидлардан сўнг Россия биргаликда янги валютани жорий қилиш ғоясидан воз кечди. 2025 йил 13 февралда эса Трамп: «BRICS тамом», — деб баёнот берди.