Президент Шавкат Мирзиёев «Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорга асосан, 2025 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 6 июн — жума кунига тўғри келади ва бу кун мамлакат бўйлаб байрам сифатида кенг нишонланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қурбон ҳайити санасига доир ахбороти маълумот учун қабул қилинди ва ушбу сана расман байрам куни деб эълон қилинди. Бу қарор аҳолига диний байрамни муносиб нишонлаш имконини яратиш мақсадида қабул қилинди.
Шунингдек, 7 июн — шанба куни олти кунлик иш ҳафтаси бўйича ишловчи ходимлар учун қўшимча дам олиш куни этиб белгиланди. Бу орқали фуқароларга узоқроқ дам олиш ва байрамни оила даврасида ўтказиш имконияти яратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Қурбон ҳайитини миллий анъана ва урф-одатларга мос ҳолда ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.
Ҳайит байрамининг мазмун-моҳиятини сақлаб қолган ҳолда, жойларда тарғибот ишлари, хайрия тадбирлари ва жамоавий ибодатлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда.