Россиянинг энг йирик нефт компанияси — «Роснефт» 2025 йилнинг I чорагида жами 170 млрд рубл фойда олди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида қайд этилган 399 млрд рублдан деярли икки баробар кам. Бу ҳақда компаниянинг МСФО бўйича молиявий ҳисоботида келтирилган.
Умумий тушум 12 фоизга пасайиб, 2,283 трлн рубл бўлди. Компаниянинг операцион фаолиятдан тушган пул оқими 365 млрд рубл бўлган бўлса-да, капитал харажатлар 403 млрд рублга етгани боис, пул оқими манфий натижа кўрсатди.
Компания баёнотида таъкидланишича, ҳисобот давридаги асосий муаммолар — Urals навли нефти нархининг тушиши, янги санкциялар, экспортдаги чегирмалар кенгайиши ва рублнинг кучайиши бўлган. Шунингдек, Россия марказий банки томонидан оширилган асосий ставка ҳам қарзга хизмат кўрсатиш харажатларини 1,8 бараварга оширган.
Таҳлилчилар таъкидлашича, нефт нархининг тушиши ва рублнинг мустаҳкамланиши «Роснефть» натижаларини жиддий чеклади. Urals навли нефт чорак давомида 9 фоизга, Хитойга экспорт қилинадиган ВСТО нефти эса 11 фоизга арзонлашди. Рублда нефт нархи март ойида баррел учун 5 минг рублгача тушиб, чорак давомида 25 фоизга пасайди.
Апрел ва май ойларида вазият янада ёмонлашди — Urals нархи 4 минг рублгача тушиб, бюджетда режалаштирилган нархдан 40 фоизга пастлашди. Санкциялар туфайли Хитойга экспортдаги чегирмалар кенгайди, фойда солиғи ҳамда қарз харажатлари ортиши ҳам таъсир кўрсатди.
Шунга қарамай, таҳлилчилар «Роснефт» учун узоқ муддатли таҳдидлар кутилмаётганини қайд этмоқда. Компания давлат қўлловига таяна олади ва ҳозирда Россияда ягона янги кенг кўламли қазиб олиш лойиҳаси — «Восток ойл»ни амалга оширмоқда.