Россияда Шимолий Кореянинг «СПИДга қарши» дориси сотиляпти

31.05.2025 15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Россияда Wildberries ва Ozon каби йирик онлайн бозорларда Шимолий Кореянинг «Кимдан-2» номли биологик фаол қўшимчаси (БФҚ) савдога чиқарилди. Ушбу инъекция тариқасидаги препарат «қизил кэсон женшени» асосида тайёрланган бўлиб, унинг таркибида олтин ва платина зарралари мавжудлиги айтилмоқда.

Dori

КХДР ҳукумати препаратни барча касалликлар — MERS, SARS ва ҳатто ОИТСга қарши универсал дори сифатида реклама қилмоқда. Ишлаб чиқарувчи мазкур воситани иммунитетни мустаҳкамлаш, тўқималарни қайта тиклаш ва қариш жараёнини секинлаштиришга ёрдам беради, дейди.

«Кимдан-2» препарати Россия бозорига Краснодарда жойлашган «Градиент» компанияси томонидан импорт қилинган. Ушбу препаратни ишлаб чиқарувчи Pugang Pharmaceutical компанияси Корея Pugang Trading Corporation таркибига киради. Бу корпорация БМТ, АҚШ ва ЕИ томонидан ҳарбий сектор билан алоқалари учун санкцияларга учраган. Шунга қарамай, «Кимдан-2» ва бошқа шунга ўхшаш воситалар Россия бозорида сотилмоқда.

Препаратнинг нархи тахминан 2500 рублни ташкил этади. Истеъмолчилар унинг таъсири ҳақида турли фикрлар билдирмоқда. Айримлари уколлардан сўнг ўзларини яхши ҳис қилишганини айтишса, бошқалар унинг самарадорлигига шубҳа билан қарайди. Препаратнинг умумий рейтинги 5 баллдан 3 баллни ташкил этади.

Жанубий Кореянинг Донсо университети тадқиқотчиси Кристофер Мандэйнинг таъкидлашича, Россияда «табиий ва гиёҳ воситалар»га бўлган талаб юқори. Шимолий Корея буни ҳисобга олиб, ўз маҳсулотларини рус тилидаги ёрлиқлар билан реклама қилмоқда ва ярмаркаларда тақдим этмоқда. Бу эса, ушбу маҳсулотлар асосан Россия бозори учун мўлжалланганини кўрсатади.