Сариосиё аэропорти 20 йилдан сўнг парвозларни тиклади

31.05.2025 13:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Бир ойда янгиланган терминал орқали илк рейс қабул қилинди.

Sariosiyo

Сариосиё аэропорти 20 йиллик танаффусдан сўнг 30 май куни Тошкентдан келган илк йўловчи рейсини қабул қилди. Парвоз Silk Avia авиакомпаниясига тегишли АТР-72-600 самолёти орқали амалга ошди.

Самолёт маҳаллий вақт билан соат 15:41 да қўнди ва йўловчилар сув аркаси ҳамда миллий куй-қўшиқлар билан кутиб олинди. Бу — аэропорт учун расман фаолият тикланган илк рейс бўлди.

Аввалроқ аэровокзал ҳудудида кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари олиб борилгани маълум қилинган эди. Хусусан, учиш-қўниш йўлаги, бурилиш йўлакчаси ва самолёт туриш жойлари тўлиқ қайта таъмирланди. Аэропорт 29 апрель куни техник парвозни амалга оширган эди.

Бир ой мобайнида 1100 квадрат метр майдонни эгаллаган ва соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги терминал ҳам қуриб битказилди.

Энди Тошкент — Сариосиё — Тошкент йўналиши бўйича мунтазам парвозлар ҳар ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади. Рейслар Silk Avia авиакомпанияси томонидан АТР-72-600 самолётларида бажарилади.